Нотинч қалб ва қўрс юраклар

Туркманлар аждодлари ва рус князлари кимга қарши иттифоқ тузганлари ҳақида
Ашхабоднинг халқаро аэропортига кираверишдаги «Оғузхон ва унинг ўғиллари » фаввора мажмуасидаги ҳайкал фрагменти. ayan-turkmenistan.travel сайти фотосурати

Сирдарё бўйлаб шимолдан жанубга қараб бир вақтлар қадимий цивилизацияларнинг гавжум марказлари — Ўтрор, ​​Женд, Сауран ва Сигноқ шаҳарлари занжири чўзилган. Улардан энг шимолий ва эҳтимол, энг кам маълум бўлгани Янгикент (Жанкент) бўлиб, унинг атрофида X-XI асрларда Ўғузлар (Ғузлар) давлати вужудга келган. Булар ҳозирги туркманлар, турклар ва озарбайжонларнинг бевосита аждодлари бўлиб, улар ҳам Марказий Осиёнинг деярли барча бошқа туркий халқларининг этногенезига ҳисса қўшган.

Ўғузларнинг ўша даврда ҳатто ўз давлатчилиги бўлгани (ҳеч бўлмаганда бугунги кунда қабул қилинган шаклда) баҳсли. Шунга қарамай, уларнинг ўша даврдаги Евроосиё сиёсий ҳаётидаги ролини баҳолаш қийин. Кейинчалик Салжуқийлар салтанатига асос солган, византияликлар ва салбчиларга қаршилик кўрсатган ҳам айнан Сирдарё бўйидаги халқлар бўлган. Уларнинг Буюк Дашт шимолида жойлашган давлатлар — Хазар хоқонлиги, Киев Руси ва Волга Булғориясининг тақдиридаги роли камроқ маълум.

Ябғу ҳукмронлиги остида

«Ўғуз» сўзининг ўзи, энг кенг тарқалган назарияга кўра, дастлаб қабила ёки қабила иттифоқи (масалан, қипчоқ-кимак, қарлуқ ёки тўқис-ўғуз) — уйғурларнинг илк ўрта асрлар бирлашмаси учун умумий кўчманчи туркий атама бўлган. Х асрга келиб ислом манбалари бу кўчманчи халқни туркманлар (ёки туркоманлар) деб атай бошлаганлар. Кейинчалик юнонлар ҳам бу атамани ишлата бошлаганлар, шунинг учун XIII асрга келиб «ўғуз» сўзи бутунлай муомиладан чиқиб кетган.

Кейинчалик манбаларда афсонавий Ўғузхон умумий ўғуз халқининг, хусусан, туркманларнинг авлоди экани аниқланган. XVII асрдаги хивалик тарихчи Абу ал-Ғозийнинг «Туркманларнинг насл-насаби» асарига кўра, Ўғузхон ўнинчи авлоддаги Нуҳ пайғамбарнинг тўғридан-тўғри авлоди бўлиб, Муҳаммад С.А.В замонидан тўрт минг йил аввал яшаган бўлиши мумкин.

XV аср форс китобидаги Оғузхон тасвири

Дарҳақиқат, таниқли совет шарқшуноси Сергей Толстовнинг фикрича, Ўғуз аждодлари Марказий Осиёнинг қадимий массагет қабилалари бўлган бўлиши мумкин ва Ўғуз кўчманчи конфедерациясининг маркази VI-VII асрларда ўша пайтда турли хил туркий ҳудудлар таъсирида бўлган Етисув ва Иссиқкўл шимолидаги минтақада вужудга келган. Бироқ, Лев Гумилёв Ўғузнинг асл турар-жой зонасини анча шимолда жойлашган, деб кўрсатган:

«Ғузлар Ўрол ҳавзасида, тайга ва дашт ўртасидаги чегарада яшаган. Ўша пайтда, ҳозир ҳайдалган даштлар ўрнидага жойлар, очиқ денгиздаги ороллар каби қарағай ўрмонларига бой бўлган ... Ғузлар иқтисодиёти органик эди ва технологик тараққиёт тушунчаси йўқ эди, чунки уларнинг ҳаёти табиатга асосланган эди, улар билан ғузлар курашмаган, балки уйғунликда яшаган».

IX аср бошларида шарқдан олға силжиб келаётган қарлуқларнинг тазйиқи остида ўғузлар Оролбўйидан энг яқин қариндошлари бўлмиш печенегларни сиқиб чиқариб, Сирдарё соҳилларига яқинроқ кўчиб ўтганлар. Печенеглар эса Хазар хоқонлиги ерларида жанг қилиб, тез орада Киев Русининг жанубий чегаралари ва Византиянинг шимолий сарҳадига бориб қолганлар ва баъзида юнонлар ва баъзида рус князлари томонида навбатма-навбат жанг қилишган.

Бу орада маркази Янгикентда жойлашган ўғузлар давлатининг ўзаги — Сирдарёнинг қуйи оқимида вужудга келган эди. Ўша қадимда Оролбўйи чорвачилик учун қулай шароитлар яратиб берувчи анча серсув ва ям-яшил жой бўлган, дейишга асос бор. Моҳиятан, уларнинг давлати анча эркин тузилган кўчманчилар иттифоқи бўлиб қолаверган ва пойтахт фақат олий ҳукмдорнинг вақтинчалик (ёзги) қароргоҳи, қўшни Хоразм савдогарлари ҳукмронлик қиладиган ҳунармандчилик ва савдо маркази бўлган. Бироқ, XII аср географи Муҳаммад ал-Идрисий таъкидлаганидек, Янгикент ягона бойлик эмас эди.

«Ўғузларнинг шаҳарлари кўп, улар бирин-кетин шимолга ва шарққа чўзилган. Уларнинг етиб бўлмас тоғлари бор ва у ерда шаҳзодалар паноҳ топган ва у ерда озиқ-овқат заҳиралари сақланадиган мустаҳкам қалъалар бор. У ерда (шаҳзодалар тайинлаган) бу ерларни қўриқлайдиган одамлар бор…».

Ал-Идрисий ўғузлар мулкини Шошдан (Тошкент) Орол денгизининг шимолидаги Муғожар тоғларигача ва ғарбда Каспий денгизигача бўлган бутун ҳудудни ўз ичига олади, деб ҳисоблаган. Шунингдек, у «Ўғузлар юрти унумдор, аҳолиси бой, аммо қалби нотинч, юраги қўрс, жаҳолат ва нопоклик ҳукм суради» дея таъкидлаган. Ўз навбатида араб тарихчиси ва географ Ал-Масудий янгикентлик ўғузларни «бошқа турклардан жасурлиги, бодом кўзлари ва паст бўйи билан ажралиб туради» деб таърифлаган.

Х аср араб сайёҳи Ибн Фадлан ҳам ўғузларнинг батафсил тавсифини қолдирган. Унга кўра, қўшин сардори кўчманчилар орасида катта таъсирга эга бўлиб, барча муҳим ишларни оқсоқоллар кенгаши ҳал қилади. Қарор қабул қилингандан кейин ҳам «уларнинг энг аҳамиятсиз ва ачинарли кимсаси келиб, келишилган нарсаларни пучга чиқаради». Бу кўчманчи демократиянинг бир кўриниши. Шу билан бирга, Ибн Фадланнинг қайд этишича, Ўғуз элитаси анча бой бўлган:

«Ўғузлар ичида 10 000 оти ва 100 000 қўйи борларини кўрганман.

Янгикент харобалари. silkadv.com сайти фотосурати

Араб саёҳатчиси ўғузларнинг ҳаддан ташқари нопоклиги ва табиий ҳаёси йўқлиги ҳақида ёзади. Бироқ, у русларни ҳам шундай таърифлайди.

Ўғузлар дини узоқ вақт Тенгрилик бўлиб, Ислом дини уларнинг орасига X-XI асрларда кириб кела бошлаган. Ўрта аср манбаларига кўра, ўғуз конфедерацияси дастлаб 24 қабиладан (бошқа манбаларда 12 таси дейилади) иборат бўлиб, улар ил деб номланган йирик иттифоқларга бирлашган. Олий ҳукмдор энг нуфузли уруғлар вакилларининг тор доирасидан сайланган. Ябғуларнинг номлари VII асрдан маълум, бироқ ўғузларнинг ички сиёсий ҳаётига оид маълумотлар бизгача етиб келмаган. Ташқи сиёсат ҳақида эса ишончли маълумотлар жуда кам. Фақат битта ҳолат деярли шубҳасиз: ўғузларнинг Қадимги Рус билан алоқалари.

Волганинг иккала қирғоғида

Ғарбда Ўғуз конфедерациясининг чегаралари аста-секин маркази қуйи Волга бўйида жойлашган Хазар хоқонлиги назоратидаги ерларга етиб борган. Бу давлат, ҳали ҳам муҳим ўйинчи бўлса-да, ўзининг шон-шуҳрат ва қудрати чўққисини босиб ўтган эди. Уни ғарбдан руслар қисиб борганлар, шимолда Волга Булғорияси эса тобора кучайиб борган. У ердаги маҳаллий элита жанубда иттифоқчилар қидириб, Ислом динини қабул қилган ва хазар элитаси билан муносабатларини янада кескинлаштирган, бу эса, ўз навбатида, подшоҳлар (хоқонлар) ўзлари мансуб бўлган икки тоифа — мусулмонлар ва яҳудийлар ўртасида зиддиятни кучайтирган.

Русларнинг Каспий денгизи ҳавзасида фаоллиги кучайгани сари хазарлар унинг соҳилларида жойлашган ислом давлатлари, жумладан Хоразм билан яқинлаша бошлаган. Катта эҳтимол билан хоқонлик пойтахти Итилда жойлашган хоразмликлар контингенти 911 йили замонавий Озарбайжон ерларига талончилик босқинидан сўнг шимолга қайтаётган катта рус контингентини йўқ қилишга ёрдам берган.

Бироқ, хазарларнинг Марказий Осиё давлатлари билан дўстона алоқалари, кўринишидан, фақат ўғузлар муносабатларининг дастлабки давридагина чўзилган. Совет шарқшуноси Анатолий Новосельцев ёзганидек:

«IX асрнинг 80-90 йилларида ўғуз қабилалари Волга дарёсининг чап қирғоғидан ўзларининг қариндош печенегларининг асосий қисмини кўчирганлар. Ўша пайтда ўғузлар хазарларнинг иттифоқчиси бўлган, аммо кейин вазият ўзгарган ва Хазария чегараларига етиб борган ўғузлар 1130-йиллардаёқ хазарларга ҳужум қилишган».

Ўғузлар салтанати ва унга қўшни давлатлар. wikimedia.org сайти харитаси

Византия императори Константин Багрянородний ўзининг «Давлат бошқаруви тўғрисида» (948) рисоласида печенегларни Волга чўлларидан қувиб чиқаришда ўғузлар ва хазарлар иттифоққа киришган бўлиши мумкинлигини ёзади:

«Печенеглар дастлаб Атила [Волга] дарёсида, шунингдек, Гейха дарёси [Ўрол] бўйида, хазарлар ва ўғуз деб аталмиш халқлар билан қўшни бўлган. 50 йил олдин ўғузлар хазарлар билан алоқада бўлиб, печенегларга қарши уруш олиб бориб, ғалаба қозонган ва уларни ўз юртидан қувиб чиқарганлар».

Ушбу ҳарбий тўқнашувлар тафсилотлари ҳақида деярли ҳеч қандай ёзма ёзувлар қолмаган. Шунга қарамай, Бағдод халифаси топшириғи билан Волга Булғориясига борган Ибн Фадлан ўғузлар Х асрнинг биринчи чорагида хазарлар билан зиддиятда бўлганлигини тасдиқлайди. Саёҳатчининг сўзларига кўра, ўғуз бошлиқлари «хазарларга уларни бизга қарши урушга қўзғатиш учун» юборилган бўлиши мумкин, деб ўйлаб, уни ва унинг ҳамроҳларининг тақдири ҳақида узоқ вақт мунозара қилишган. Оқсоқоллар муҳокама қилган вариантлардан бири Ибн Фадланнинг бутун делегациясини «хазар подшоҳи қўл остидаги ўғуз асирлари»га алмаштириш бўлган.

Ҳукмрон бўлган ҳарбий ва сиёсий манзарада бутпараст ўғузлар бир хил бутпараст русларнинг вазиятли иттифоқчиларига айланганлар. Муайян нуқтада, иккинчиси «Варяглардан форслар сари» стратегик Волга савдо йўлини назорат қилган хазарларга қарши қатъий чоралар кўришга қарор қилади. Хазар хоқони Юсуфнинг ўзи Кордова халифалиги маъмурлари билан ёзишмаларида таъкидлаган:

«Мен Итил дельтасида яшайман ва Худонинг амри билан дарё ўзанини қўриқлайман ва русларнинг мусулмонларга етиб бориши учун Каспий денгизига кема билан киришига йўл қўймайман ... Мен уларга қарши уруш олиб боришга мажбурман, чунки агар уларга имкон берсам, улар Бағдодгача бўлган барча мусулмон юртларини вайрон қилишади».

Руслар ва хазарлар ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршилик дастлаб ҳар гал турли томон муваффақиятлари билан ривожланган. Аста-секин Киев князлари илгари Хазар вассаллари бўлган деярли барча Шарқий славян бирлашмаларини ўзларига бўйсундиришга муваффақ бўлганлар ва Дон ва Азов олдида ўз ўрнини ўрнатганлар. Бироқ, 940 йиллари хазар қўмондони Песах рус қўшинларини мағлуб этади ва кучлар мувозанати тикланади. Ўшанда Киев хазарлар билан ёлғиз ўзи қарши туролмаслигини тушунган бўлса керак. Византияга суяниб бўлмасди — унинг мулки хазарлар ҳукмронлик қилган даштлардан жуда узоқда эди. Иттифоқчиларни тўғридан-тўғри душман чегараларида излаш керак эди ва ўғузлар (шунингдек, печенеглар) энг мос вариант бўлиб туюлади.

IX асрдаги хазар ҳоқонлиги ҳудуди

Святослав ва Владимирнинг юриши

«Ўтган йиллар ҳикояси»га кўра, 965 йили Киев князи Святослав «хазарларга қарши юриш қилади», Донда хоқон қўшинларини мағлуб этади ва у ерда душманнинг асосий шаҳарларидан бири Саркелни эгаллаб олади ва уни руслар Белая Вежа номига ўзгартирадилар. Кейин Святослав қўшини Шимолий Кавказга кириб, маҳаллий хазар вассаллари — ясе ва касогларни, яъни замонавий адигей қабилалари аждодларини мағлуб этади.

Тахминларга кўра, Святослав (ёки бошқа биров бошчилигидаги рус армияси, чунки княз Киевда бўлиши керак эди) кейин шарққа, бу сафар Қуйи Волга бўйлаб яна бир юриш бошлайди. У ерда хоқонликнинг пойтахти Итил вайрон қилинади ва ниҳоят минтақадаги хазарлар ҳукмронлигига барҳам берилади.

Таърифланган воқеаларнинг замондоши араб тарихчиси Ибн Мискавайҳ ва унинг бир неча асрлар ўтиб яшаган ҳамкасби Ибн ал-Асир баъзи туркларнинг хазарларга ҳужумини худди шу даврга боғлайдилар:

«Ва хабар етиб келдики, турклар хазарлар юртига ҳужум қилиб, [хазарлар] Хоразм аҳлидан ёрдам сўрашади, лекин улар ёрдам беришдан ўзларини тийиб: «Сизлар яҳудийсизлар, агар биздан ёрдам беришимизни [хоҳласангиз] Исломни қабул қилинглар», дедилар. Ва подшоҳдан бошқа барча хазарлар Исломни қабул қилдилар».

Юқорида тилга олинган муаллифлар «турклар» деганда Святославнинг ўзини ва унинг жангчиларини назарда тутган, деб тахмин қилинади – русларнинг бундай атамаси кейинги араб манбаларида ҳам учрайди. Бироқ, кўпчилик тадқиқотчилар улар ўғузлар ёки печенегларни назарда тутганига қўшиладилар. Бироқ, 965 йил ва ундан кейинги воқеаларда унинг мустақил куч сифатида иштирок этиши имконсиз бўлиб туюлади, чунки бу вақтга келиб уларнинг асосий фаолият майдони Волгадан узоқ ғарбда бўлган.

Шунинг учун энг асосли тахмин шуки, хазарларга ҳужум қилган ўғузлар бўлган. Бундан ташқари, Ал-Масудийнинг ёзишича, рус тилида «торклар» номи билан танилган бу туркий қабилалар Х асрнинг биринчи ярмида Хазарияга тез-тез бостириб кирган, ҳатто Таман ярим оролигача етиб боришган. Демак, хазарларнинг ўғузларга қарши ёрдам сўраб, Хоразмга мурожаат қилишлари бежиз бўлмаган, чунки у ҳам ҳар йили ўғуз босқинларидан катта зарар кўрган.

Саркеле (Беля Вежа) даги қальа қазишмаси. 1950 йил фотосурати

Руслар ва уларнинг шарқий иттифоқчилари ҳаракатлари қанчалик мувофиқлаштирилганлиги мунозарали бўлиб қолмоқда — бундай келишувларни тасдиқловчи ёзма манбалар қолмаган. Шунга қарамай, Лев Гумилёв ўзининг «Русдан Россияга қадар» китобида қуйидагиларни таъкидлайди:

«Руслар Днепрнинг юқори оқимигача сузиб, Окага қайиқларини олиб ўтишган. Святослав Ока ва Волга бўйлаб Хазариянинг пойтахти Итилга етиб борган. 964-965 йиллардаги юришда Святославнинг иттифоқчилари печенеглар ва ғузлар бўлган. Византия томонини олган ва хазарларнинг душмани бўлган печенеглар Святославга ёрдамга ғарб томондан етиб келишган. Уларнинг йўли Дон дарёсининг Волгага яқин жойида жойлашган Калачинская қишлоғи ёнидан ўтган бўлиши мумкин. Ғузлар эса Каспийбўйи қумтепаларинидан ошиб, Яик (Ўрол) дарёси орқали етиб келишган. Иттифоқчилар Итилда осон-омон учрашишган».

Кейин Гумилёв Волга дельтасидаги оролда жойлашган Хазар пойтахтини қамал қилиниши ва босиб олинишини тасвирлайди. Шу ўринда шуни эсга олиш жоиз, ўғузлар сув тўсиқларини енгиб ўтишда катта тажрибага эга бўлганлар. Ибн Фадлан кўчманчиларнинг олтитагача одам сиғадиган чарм қоплардан фойдаланган ҳолда дарёдан ўтишларини тасвирлаб берган.

Кейинги даврларда Киев ва ўғуз қабилалари ўртасидаги яқин алоқаларни рус ва уларнинг туркий иттифоқчиларининг уйғунлашган ҳаракатлари назарияси тасдиқлайди. «Ўтган йиллар ҳикояси» да 985 йили княз Владимирнинг Волга бўйидаги Булғорияга қарши юришида торкларнинг иштироки ҳақида сўз юритилади. Бу ҳолатда ўғузлар ва руслар диндошлар иттифоқига – булғорлар ва хоразмликлар иттифоқига тўқнаш келишади, улар ҳам Волга ҳавзасида кўз тикишган эдилар. Анатолий Новосельцев қайд этади:

«Шубҳасиз, руслар [хазарларга қарши] ёлғиз ҳаракат қилмаганлар. Кўриниб турибдики, улар ўғузлар билан маълум алоқада бўлган. Айнан ўша пайтда ўғузлар Волгадан ўтиб, тез орада торклар номи билан Киев атрофида пайдо бўлган. 1080 йиллари торклар Владимирнинг булғорларга қарши иттифоқчилари сифатида ҳаракат қилганлар».

Совет тарихчиси Светлана Плетнева ўзининг «Половцы» («Қипчоқлар») китобида ўғузлар Владимир армиясига қўшилиш учун кўчманчи лагерларининг шимолий чегарасидан тахминан 300 километр масофани босиб ўтишлари кераклигини таъкидлайди. Булғориянинг маркази ҳозирги Татаристон ҳудудида жойлашганини ҳисобга олсак, Волга бўйида ўғузлар эгаллаган улкан ҳудудларни тасаввур қилиш мумкин. Тадқиқотчи ёзади:

«Булғорлар рус ва торк полкларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида мағлубиятга учрадилар. Кейин улар хазарларни биргаликда тугатишга киришдилар ва бу юришда анчагина бойликни қўлга киритишган кўринади. Ушбу муваффақиятли қўшма ташаббусдан сўнг, торклар руслар билан алоқаларини давом эттиради. Торклар кўчманчи лагерларидан эркаклар Русия шаҳарларига хизмат қилиш учун келишади ... Ҳар қандай ёлланма аскарлар каби, улар ҳам яхшина ақча ҳисобига хизмат қилишган. Қарама қарши вазиятда эса улар ёлланма аскарлар қатори кучлилар томонига ўтишган, масалан, торк ёш муромликлар князи Глеб Владимирович қўлида ошпаз бўлиб хизмат қилган, аммо Киев тахтини эгаллаб олган Святополк қўлига ўтган ва унинг буйруғи билан ўз эгасини ўлдирилган».

Бошқа савол — рус князларининг шарқ томон юришларида ўғузлар иштироки қанчалик марказлашган бўлган. Катта эҳтимол билан бўлажак торклар Сирдарё бўйида жойлашган конфедерация таркибидаги қабилалардан бири бўлган ва ябғунинг ўзи ҳам расмий тоъбеларининг геосиёсий режаларидан бехабар бўлган бўлиши мумкин. Иккинчиси, Волганинг ғарбий қирғоғига кириб, ўғузлар билан бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа кўчманчи халқлар билан чачишиб кетишган.

Хазар мероси учун кураш ва интиҳо

XI аср бошларига келиб рус-ўғуз иттифоқи томонидан изчил мағлубиятга учраган, сўнгра вақтинча Хоразмга бўйсундирилган Хазар хоқонлиги ниҳоят сиёсий саҳнадан йўқолади. Хоқоннинг аввалги мулклари учун курашда рус ва хоразмликлардан ташқари Волгабўйи Булғорияси, пойтахти Шамахида бўлган Ширвоншоҳлар давлати ва ўғузларнинг ўзлари ҳам қатнашганлар. 985-986 йиллари Хазарияга қарши юриш қилган Святослав ва Владимирнинг ғалабаларига қарамай, руслар Қуйи Волгада ҳам, Каспий бўйида ҳам мустаҳкам ўрнашолмаган. Мусулмон ҳукмдорлари ҳам муваффақиятсизликка учраганлар, аммо ўғузлар бу ҳудудларни босиб олишган. XII асрнинг иккинчи ярмида Қуйи Волга бўйида бўлган араб сайёҳи Абу Ҳамид ал-Гарнатий шундай ёзади:

«Мен денгиз орқали хазарлар юртига йўл олдим. Ва Дажладан бир неча баравар каттароқ, катта дарёлар оқиб қуйиладиган денгизга ўхшаган улкан дарёга етиб келдим. Ва унинг устида Сажсин [Саксин, Волга оғзида Хазар хоқонлигининг собиқ пойтахти ўрнида жойлашган шаҳар бўлиши мумкинмуаллиф изоҳи] шаҳри бор. Унда қирқ ғуз қабиласи яшайди ва ҳар бир қабиланинг ўз амири бор. Уларнинг [ўғузларнинг] катта ҳовлилари бор ва ҳар бир ҳовлида катта гумбаздек улкан, ҳар бири юз ёки ундан ортиқ одамни сиғдира оладиган кигиз билан қопланган чодири бор».

Салжуқлар султони Баркиярук, XI аср охири

Хазарларнинг таназзулга учраши билан бирга ислом дини аста-секин кириб кела бошлаган Ўғуз давлатининг ўзида ҳам муҳим воқеалар содир бўлади. Киник қабиласининг бошлиғи Салжуқ ябғулар билан келишолмагач, Эронга кўчиб ўтади ва у ерда унинг авлодлари фаол экспансияни бошлайди ва бутун Яқин Шарқ, Кичик Осиё, Ғарбий Осиё, Маворауннахр ва Жанубий Кавказни босиб олади. Салжуқийлар салтанатининг юксалиши кўп жиҳатдан хазар ва ўғуз давлатларининг таназзулга учраши билан боғлиқ бўлган. Ўғузларнинг баъзилари салжуқийлар очган йўл бўйлаб жанубга боришади, бошқалари эса шарқдан янги кўчманчи қипчоқлар тўлқини томонидан сиқиб чиқарилгач бу сафар Волгадан ўтиб, торкларга қўшилади.

Айрим манбаларда Салжуқнинг отаси Темур Ялиғ ҳам ўз фаолиятини Қуйи Волга бўйида ўғузлардан ёлланма аскар сифатида Хазар хоқони хизматида бошлаганини таъкидлайди. У ерда у юқори мартабага кўтарилган, лекин Хазария ҳукмдори билан келишмовчиликдан сўнг Хоразмга жўнаган. Британиялик тарихчи Эндрю Пикокнинг фикрича, салжуқийларнинг Хазар хоқонлигида келиб чиқишини тасдиқловчи дастлабки йилномалар бу давлат ниҳоят қулаганида қайта ёзилган.

Рус-совет тарихчиси ва археологи Михаил Артамонов хазарлар мағлубиятидан сўнг исломни қабул қилишга қаршилик кўрсатган ва Хоразмшоҳлар таъсирига тушиб қолишни ёки Эрон ва Месопотамиядаги салжуқийларга қўшилишни истамаган ўғузлар Волга бўйида жойлашган, деб ҳисоблайди. Кўчманчиларнинг бу гуруҳи, Артамоновнинг фикрича, «Русиянинг Волга бўйидаги янги ерларини мусулмон Хоразмдан ҳимоя қилган».

Дарҳақиқат, Русия князликларининг жанубий чегарасида яшаган кўплаб торклар славянлашган ва у ерда ўрнашиб олган ва ХII асрда Киев билан дўст бўлган «Қора қалпоқлилар» иттифоқини тузган, бу асосан Орол денгизи ҳудудидаги Ўғуз конфедерациясига ўхшаш прото-давлат эди. Ўғуз қабилалари русларга, хусусан, Дондаги Белая Вежа ва Тмутаракан (Таман) каби жанубий постларни назорат қилишда ёрдам берган. Белая Вежа ҳудудидаги археологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қадимги рус даврида қалъа аҳолисининг бир қисми торклар бўлган.

Қора қалпоқлилар. Қадим Рус йилномасидаги миниатюра

Қора қалпоқлилар иттифоқининг ўз пойтахти Торческ шаҳри (Украинанинг Киев вилоятидаги Кагарлик яқинида) бўлган, гарчи у сиёсий жиҳатдан бутунлай Русга қарам бўлган. Тадқиқотчилар баъзан бу иттифоқдаги қабилаларни кейинчалик Марказий Осиёда пайдо бўлган қорақалпоқлар билан умумлаштирадилар — ҳар иккисининг туркий этноними бир хил бўлган. Аммо қорақалпоқларнинг этногенезига ўғузлар, печенеглар, қипчоқлар, ҳатто мўғул-ойрот қабилалари ҳам тенг ҳисса қўшган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Қора қалпоқлилар иттифоқи XIII асргача давом этган ва у рус князликлари қаторида мўғуллар босқинига учраган. Эронлик тарихчи Рашид ад-Дин 1240 йили ўрданинг Русиянинг жанубини босиб олишини тасвирлаб, Бату Хоннинг «руслар ва қора қалпоқлилар юртига» махсус юриш қилганини таъкидлайди. Мўғуллар истилоси даврига келиб ўғузлар бугунги жанубий Украина ерларида иккинчи энг йирик этник гуруҳни ташкил қилган бўлса, ажабмас.

Пётр Бологов
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ