Германиянинг Ergon нашриётида «Афғонистон ва Марказий Осиё яҳудийлари. Иврит тилидаги тадқиқотларнинг изоҳли тўплами» (The Jews of Afghanistan and Central Asia: An Annotated Collection of Hebrew-Language Research) номли китоб дунё юзини кўрди. Nomos сайтидаги китоб аннотациясида қайд этилишича, мазкур нашр орқали минтақа яҳудий жамоалари тарихига оид саккиз нафар олимнинг илгари фақат иврит тилида мавжуд бўлган ишлари илк бор инглиз тилида тақдим этилди.
Тўпламга Томас Лой, Кристоф Хопп ва Зеэв Левин муҳаррирлик қилган. Китобда асосий эътибор XIX–XX асрларга қаратилган: унда кўчишлар, диний ҳаёт, жамоалар тузилиши ҳамда Афғонистон, Марказий Осиё ва Шарқий Эрон яҳудийлари ўртасидаги алоқалар ёритилган. Нашр ҳажми — қарийб 236 саҳифа.
Кириш сўзида муҳаррирлар Афғонистон яҳудийлари ва Бухоро яҳудийларининг совет давригача бўлган тарихи ҳақидаги тадқиқотларнинг катта қисми иврит тилида ёзилганини тушунтириб ўтади. Ивритзабон илмий муҳитдан ташқарида бу асарлар кўпинча номаълум бўлиб қолмоқда ёки улардан кам фойдаланилмоқда. Шу билан бирга, сўнгги ўн йилликларда инглиз тилидаги адабиётларда Бухоро ва Эрон яҳудийлари тарихига сезиларли эътибор қаратилаётган бўлса-да, замонавий Афғонистон яҳудий жамоалари анча кам ўрганилган.
👉 Китобни Nomos-shop.de сайтидан харид қилиш мумкин.
Мазкур тўплам «Яҳудий учбурчаги: XIX–XX асрларда форс маданий дунёси яҳудийлари ҳаётидаги алоқалар ва узилишлар» тадқиқот лойиҳаси доирасида яратилди. Унинг иштирокчилари Афғонистон, Эрон ва Марказий Осиё жамоалари тарихини ўзаро боғлиқликда кўриб чиқишни таклиф қилади. Савдо, кўчиб ўтишлар, қариндошлик ришталари ва диний элчиларнинг сафарлари бир-биридан узоқда жойлашган жамоаларни бирлаштириб турган. Шу билан бирга, маҳаллий тафовутлар сақланиб қолган, яҳудийларнинг кундалик ҳаёти эса мусулмон қўшнилар билан яқин мулоқотда кечган.
Китобга дастлаб 1962–2016 йилларда нашр этилган ишлар киритилган. Уларнинг муаллифлари орасида Ицхак Бецалель, Зеэв Голь, Реувен Кашани, Цила Зан-Бар Цур, Гиора Позайлов, Альберт Каганович, Ярон Харель ва Бен-Цион Йехошуа-Раз бор. Муҳаррирлар жамоаларнинг ижтимоий ҳаёти ҳақидаги муҳим маълумотларни, этнографик материалларни ва инглиз тилидаги адабиётларда кам ёритилган тадқиқот усулларини ўз ичига олган матнларни танлаб олган. Таржима қилинган ҳар бир ишни кириш шарҳи кузатиб боради, муаллифлар ҳақидаги маълумотлар эса иловага чиқарилган.
Зеэв Голнинг Ҳирот яҳудий жамоаси тарихига бағишланган тадқиқоти китобда алоҳида ўрин тутади. У 1984 йилда хусусий тартибда нашр этилган ва асосан афғон яҳудийлари орасида тарқатилган эди. Янги тўплам учун мазкур иш қисқартирилди. Муҳаррирлар мемуар ва сафар хотираларини киритмасликка қарор қилишди, чунки уларни чоп этиш алоҳида танқидий изоҳларни талаб қилар эди.
Таржима қилинган матнларни учта тадқиқот очерки тўлдиради. Томас Лой форс маданий дунёсидаги яҳудий жамоаларининг тарихий алоқаларини, Зеэв Левин Исроилда Марказий Осиё ва Афғонистон яҳудийларини ўрганиш ривожини, Аҳмад Азизий эса афғон яҳудийларини тадқиқ этишда форс ва пушту тилларидаги манбаларнинг аҳамиятини таҳлил қилади. Тўплам муҳаррирлари ушбу таржима минтақа тадқиқотчиларига яҳудий озчиликларини ўз минтақавий ва маданий контекстида ўрганишга ёрдам беришига умид билдирмоқда.



