Швейцария Ўзбекистоннинг биринчи президенти қизи Гулнора Каримованинг навбатдаги активларини — бу сафар 252,5 миллион доллар миқдорида республикага қайтаришга розилик билдирди. Тегишли ҳужжат 24 ноябрь куни тасдиқланди, деб хабар беради Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.
Идоранинг аниқлик киритишича, келишувни Молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов, Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Симона Гигер ҳамда БМТнинг республикадаги доимий мувофиқлаштирувчиси Сабина Махл имзолаган.
Маблағлар Vision Uzbekistan 2030 («Ишонч») траст фондига йўналтирилади ва ушбу ташкилот томонидан кейинчалик аҳолининг ижтимоий фаровонлигини юксалтириш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш бўйича лойиҳаларга сарфланади.
Ўзбекистонлик расмийлар траст фонди ресурсларини тақсимлашнинг биринчи босқичи доирасида 87 миллион доллар ажратилганини, улар соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасидаги дастурларни амалга оширишга сарфланганини эслатиб ўтдилар. Хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, перинатал ёрдам сифатини ошириш, таълим тизимини яхшилаш, ўқитувчиларнинг рақамли кўникмаларини шакллантириш ҳамда тегишли тизимлар салоҳиятини кучайтириш лойиҳалари ҳақида сўз бормоқда.
Иккинчи босқичда ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича бошланган йўналишни изчил давом эттириш режалаштирилган. Соғлиқни сақлаш тизимига келиб тушадиган маблағлар болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш, онкологик касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта ташхислашни кенгайтириш ҳамда тиббиёт ходимларининг касбий маҳоратини ошириш каби йўналишларга қаратилади.
Таълим соҳасида эса мактаб инфратузилмасига бўлган эҳтиёжни қондириш, янги таълим масканларини қуриш, ўқув жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, педагоглар малакасини ошириш ва сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Қишлоқ жойлардаги аҳоли пунктлари ҳамда ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланган фуқаролар устувор вазифа сифатида белгиланади.
Шу билан бирга, «Ишонч» жамғармаси фаолиятида коррупцияга қарши курашиш, маблағлардан мақсадли фойдаланиш, лойиҳалар самарадорлигини баҳолаш ва жамоатчиликнинг мустақил мониторингида иштирок этиши муҳим тамойиллар этиб мустаҳкамланди.
Ўзбекистон Молия вазирлиги таъкидлаганидек, янги келишувнинг тасдиқланиши Гулнора Каримова ва унинг шериклари томонидан Европага ноқонуний олиб чиқиб кетилган активларни қайтариш масаласида швейцариялик ҳамкорлар билан алоқалар изчил давом этаётганини кўрсатади.
ℹ️ 2022 йил февраль ойида Ўзбекистон ва Швейцария БМТнинг кўптомонлама траст фондини ташкил этишга келишиб олган эди, ушбу фондга Каримованинг қайтарилган активлари ўтказилади. Келгусида бу маблағларни Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш — қашшоқлик ва очликни тугатиш, сифатли таълим, гендер тенглиги, тоза сув ва санитария, муносиб иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш ҳамда бошқа соҳаларга йўналтириш белгиланган.
2022 йил сентябрида Ўзбекистон Адлия вазирлиги биринчи президентнинг тўнғич қизига тегишли бўлиб, хорижда сақланаётган жиноий активларнинг умумий қиймати деярли 1,3 миллиард долларни ташкил этиши ҳақида хабар берган эди.
ℹ️ Гулнора Каримова ва унга алоқадор компаниялар фаолияти бўйича тергов ҳаракатлари Европа давлатларида 2012 йилда бошланган. Жиноий схема хорижий телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириш ҳуқуқи эвазига йирик миқдорда пул олишни ўз ичига олган. Кейинчалик ушбу маблағлар хорижда, асосан Швейцарияда легаллаштирилган (ювилган).
2013 йилда Ўзбекистонда Каримовага нисбатан ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш айбловлари билан иккита жиноят иши қўзғатилган. Биринчи иш бўйича 2015 йилда у беш йилга озодликни чеклаш, иккинчиси бўйича 2017 йилда 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган, бироқ кейинчалик жазо беш йиллик озодликни чеклаш билан алмаштирилган.
2020 йил март ойида Каримова жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик ва бошқа жиноятларда айбланган учинчи жиноят иши доирасида унга навбатдаги ҳукм — 13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси чиқарилди.



