Ўзбекистонда давлат ҳамда фан, таълим, маданият ва санъат намояндалари ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган Зиёлилар кенгаши ташкил этилди. Янги тузилманинг биринчи йиғилиши Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида (ИЦМ) бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда муассаса матбуот хизмати.
Тадбирда республиканинг турли ҳудудларидан 500 га яқин олимлар, педагоглар, шифокорлар, муҳандислар, ёзувчи ва шоирлар, санъат арбоблари, журналистлар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Йиғилишнинг очилишида Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева сўзга чиқди. У миллий тараққиётда, она тили ва миллий ўзликни асрашда ҳамда мамлакат маънавий ривожининг узоқ муддатли йўналишларини белгилашда зиёлилар иштирокининг муҳимлигини таъкидлади.
«Холис фикрлар ва дадил таклифларни кутамиз. Ишончим комилки, Кенгаш янги ғоялар майдонига айланади», — деди Мирзиёева.
Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов мазкур янги тузилма фаолияти билан Амир Темур давридаги давлат қарорларини донишманд ва билимдон кишилар билан маслаҳатлашиб қабул қилиш анъаналари ўртасида тарихий ўхшашликни келтириб ўтди. Олим, шунингдек, Кенгашнинг биринчи йиғилиши Шарқнинг буюк мутафаккирлари мероси намойиш этилган Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиши рамзий маънога эга эканини қайд этди.
«Зиёлилар — жамиятнинг кўзи, қулоғи ва виждонидир. Халқ улардан доимо ҳақ сўзни ва тўғри йўналиш кўрсатишни кутади. Мамлакатимиз тараққиётининг кейинги йўлини белгилашда зиёлилар жамиятнинг етакчи интеллектуал кучи сифатида ташаббус кўрсатишлари лозим», — дея таъкидлади Аюпов.
Йиғилиш давомида профессор Нурсултон Тўхлиев ўзлашма хорижий сўз ва атамаларнинг ўзбек тилидаги муқобилларини топиш ишларини фаоллаштириш, шунингдек, атамашунослик комиссияси фаолиятини кучайтиришни таклиф қилди. «Тарихий дарвеш» лойиҳаси муаллифи Нодир Нишонов эса оммабоп илмий контент яратувчилари учун ижтимоий грантлар таъсис этиш ташаббуси билан чиқди.
Иштирокчилар томонидан илгари сурилган бошқа таклифлар қаторида йирик тарихий шахсларга дахлдор муҳим саналарни қамраб олувчи «Маънавият тақвими»ни яратиш, хусусий театрларни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллаларда ёшлар тарбиясига зиёлиларни янада фаол жалб этиш ташаббуслари бор.
Кенгашнинг умумреспублика миқёсидаги илк йиғилишидан олдин Қорақалпоғистонда, Ўзбекистон вилоятларида ва Тошкент шаҳрида учрашувлар бўлиб ўтган эди. Уларда икки мингдан ортиқ зиёли қатнашиб, мингга яқин таклифларни илгари сурган.
Тадбирга якун ясар экан, Аюпов Кенгашнинг асосий вазифаси зиёлилар ташаббусларини умуммиллий ривожланиш мақсадлари билан мувофиқлаштириш ҳамда билдирилган таклифларни аниқ амалий ечимларга айлантиришдан иборат эканини урғулади.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон пойтахтидаги Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида барпо этилган. Бино ўрта асрлар меъморий обидалари услубида қад кўтарган бўлиб, баландлиги 34 метрлик тўртта пештоққа ҳамда 65 метрлик марказий гумбазга эга. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва экспозициялари Ўзбекистоннинг бутун тарихини — исломгача бўлган даврлардан бугунги кунгача қамраб олган музей жойлашган. ИЦМ аждодлар меросини ўрганиш ҳамда уни Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва дунё бўйлаб илмий-маърифий марказлар билан ҳамкорликда замонавий руҳда англаш майдони бўлишга қаратилган.
Мавзуга оид барча материаллар махсус рукнда: Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази.



