Ўзбекистон Статистика қўмитаси озиқ-овқат, уй-жой ва ёқилғи нархлари динамикаси акс этган сайтни ишга туширди

NarxStat платформаси саҳифаси

Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, кўчмас мулк, ёқилғи ва бир қатор саноат товарларининг долзарб нархлари тақдим этилган NarxStat платформасини ишга туширди. Бунда фойдаланувчилар ҳар ҳафта янгилаб бориладиган нархлар динамикасини кузатишлари мумкин, деб хабар беради «Газета.uz».

Хусусан, сайтда истеъмол нархлари индекси маълумотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, бензиннинг бешта маркаси, пропан ва метаннинг ўртача нархлари, шунингдек, уй-жой бозоридаги вазият ҳақидаги ахборотлар эълон қилинади. Бунда кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг шаҳар ва туманлари кесимида тақдим этилган. Шунингдек, турли даврлардаги нархларни таққослаш имконияти ҳам мавжуд. Фойдаланувчилар маълумотларни CSV ва JSON форматларида юклаб олишлари мумкин, дастурчилар учун эса порталда рўйхатдан ўтишни талаб қилмайдиган API дастурий интерфейси кўзда тутилган.

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида платформада республиканинг интерактив харитаси жорий қилинган бўлиб, у муайян бир ҳудуд бўйича маълумотларни ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг бир ҳафталик динамикасини кўриш имконини беради. Бундан ташқари, ҳар бир фойдаланувчи бугунги нархларни таҳлилчилар томонидан бир неча йил аввал қайд этилган кўрсаткичлар билан солиштириши мумкин (2021 йилнинг январидан бошлаб тўпланган маълумотлар тақдим этилган).

Шунингдек, порталда бир ҳафта ичида энг кўп қимматлашган ёки арзонлашган товарлар; нархи сўнгги 26 ҳафтада энг қуйи ёки энг юқори кўрсаткичга етган маҳсулотлар; маҳсулот нархи энг баланд ва энг паст қайд этилган ҳудудлар; вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар бўйича нархлар динамикаси акс этган бўлимлар мавжуд.

Платформада иккита — инфляция ва истеъмол харажатлари калькулятори ҳам ўрин олган.

Таъкидлаш жоиз, сайт учта тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида ишлайди. Маҳсулотлар нархини ўзбек сўмида ёки АҚШ долларида кўриш мумкин.

Республика статистика идораси маълумотларига кўра, жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари аввалги ойга нисбатан 0,6 фоизга ошди. Йиллик инфляция 6,5 фоизни ташкил этди, 2025 йилнинг октябрида эса ушбу кўрсаткич 7,8 фоизга етган эди.

Умуман олганда, 2026 йилнинг дастлабки ўн ойида нархлар ўртача 4,8 фоизга қимматлашди. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари бир ойда 1 фоизга, йил давомида эса 6,4 фоизга ошди; бошқа товарлар нархи мос равишда 0,2 фоиз ва 5,6 фоизга, хизматлар эса 0,6 фоиз ва 7,3 фоизга қимматлашди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ