Душанбеда Тожикистон ва АҚШнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги беш йиллик ҳамкорлик дастури тақдим этилди. Молиялаштиришнинг умумий ҳажми 78 млн долларни ташкил этади, деб хабар беради Navo агентлиги АҚШнинг республикадаги элчихонасига таянган ҳолда.
Умумий маблағдан 38 млн долларини Қўшма Штатлар ажратади, яна 40 млн долларни Тожикистон ҳукумати ажратиш мажбуриятини олди. Маблағлар ОИВ, сил ва бошқа юқумли касалликларга қарши курашиш, лаборатория диагностикасини ривожлантириш ҳамда эпидемиологик назорат тизимини мустаҳкамлашга йўналтирилади. Молиялаштириш 2030 молиявий йил охиригача мўлжалланган.
Пойтахтдаги «Боғи Ирам» боғида бўлиб ўтган тақдимотда АҚШ давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау ва Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдухолиқ Амирзода иштирок этди. Меҳмонларга сил касаллиги ташхиси учун сунъий интеллект қўлланган мобил рентген аппаратлари билан жиҳозланган тиббиёт пунктлари иши ҳамда ОИВни экспресс-тестдан ўтказиш тизимлари намойиш этилди.
Амирзода республика соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлагани учун Америка томонига миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, қўшма лойиҳалар тиббий ёрдам сифати ва оммабоплигини ошириш, касалликлар профилактикасини ҳамда мамлакатнинг янги эпидемиологик хавф-хатарларга шайлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Тегишли меморандум 2026 йил 6 апрелда имзоланган эди. Бу Дональд Трамп маъмуриятининг «Аввало Америка» глобал стратегияси доирасида Жанубий ва Марказий Осиёда имзоланган шу турдаги илк келишув бўлди.
АҚШ узоқ йиллар давомида Тожикистоннинг йирик донорларидан бири бўлиб келган. 2024 молиявий йилида республика АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали 58,5 млн доллар олган. Бироқ Трамп 2025 йил январида Оқ уйга қайтганидан кейин Вашингтон хорижий дастурларни молиялаштиришни тўхтатди, бу Марказий Осиёга ҳам таъсир қилди. Аввалроқ «Фарғона» ёзганидек, Америка ёрдамининг қисқариши энг кўп Тожикистон ва Қирғизистонга, жумладан, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасида фаолият юритувчи ташкилотларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.



