Қирғизистон ҳукумати давлатга қарашли «ЭлКат» компаниясига республика ҳудудида халқаро интернет-трафикни етказиб бериш, транзит қилиш ва узатиш бўйича ягона оператор мақомини берди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Одилбек Қосималиевнинг тегишли қарорига таянган ҳолда 24.kg хабар бермоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, «ЭлКат» маълумотларни узатиш тармоқларини улаш, шунингдек, трафикни ўтказиш ва транзит қилишни таъминлаш бўйича муддатсиз ҳуқуққа эга бўлди. Қирғизистонда фаолият юритаётган бошқа телекоммуникация операторларига халқаро алоқа каналларини ижарага олиш бўйича амалдаги шартномаларни ушбу монополистга топшириш ҳамда келгусида истеъмолчиларга интернетга уланиш хизматларини фақат «ЭлКат» техник инфратузилмаси орқали кўрсатиш тавсия этилди.
Юқорида кўрсатилган масалаларни ҳал этиш учун компанияларга ҳукумат қарори кучга кирган кундан бошлаб 60 кундан ортиқ бўлмаган муддат берилади.
Давлат корхонасига республика алоқа бозорини назорат қилувчи органлар билан биргаликда иқтисодий жиҳатдан асосланган ва шаффоф тариф сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш ҳам топширилди. Бунда барча алоқа операторлари учун шартлар бир хил бўлиши керак.
Вазирлар маҳкамасининг тушунтиришича, «ЭлКат» компаниясига алоҳида ваколатлар бериш тўғрисидаги қарор рақамли суверенитетни мустаҳкамлаш, стратегик ахборот оқимлари устидан давлат назоратини таъминлаш ҳамда миллий хавфсизлик зарурати билан изоҳланади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қирғизистон президенти Садир Жапаров интернетга вақтинчалик монополия жорий қилган эди. 2025 йил 15 августдан 2026 йил 14 августгача халқаро трафикни етказиб бериш ва тақдим этиш ягона оператор — «ЭлКат» орқали амалга оширилди. Давлат раҳбари ишлар бошқармасида бу қадам хавфсизликни таъминлаш ва давлат корхонаси даромадларини ошириш истаги билан боғланди. Расмий маълумотларга кўра, синов даврида трафик ҳажми сониясига 1,7 терабитгача кўтарилди. Шу билан бирга, улгуржи тариф сониясига 1 мегабит учун $0,75 миқдорида белгиланди.
Бироқ депутатлар ва IT соҳаси экспертлари республика раҳбариятининг қарорида қатор камчиликларни кўрсатди. Жумладан, агар трафик бир компания орқали ўтса, ҳар қандай йирик авария оқибатида мамлакат интернетсиз қолиш хавфи остида бўлади. Бундан ташқари, бозорда рақобат бўлмаса, маълумотларни узатиш тезлиги ва алоқа сифати пасайиб кетиши мумкин. Келгусида монополист провайдерлар учун нархларни ошириши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Камчиликлар қаторида монопол шароитда ҳукумат учун номақбул сайт ва сервисларни блоклаш анча осонлашиши ҳам қайд этилди.
«ЭлКат» компанияси 1994 йилда ташкил этилган. Корхонанинг 51 фоизи президент Ишлар бошқармасига, 49 фоизи эса «Компьютер технологиялари маркази»га тегишли бўлган. Кейинчалик марказ ўз улушини «Айкол-5» компаниясига топширган. 2000-йиллардаёқ алоқа оператори тўлиқ хусусий қўлларга ўтган эди.
2025 йил февралида коррупциявий можаро авж олди. Тергов «ЭлКат» раҳбариятини ҳукумат тизимидаги алоқаларидан фойдаланиб, ҳеч қандай товон пули тўламасдан, давлат раҳбарининг ишлар бошқармасини таъсисчилар таркибидан ноқонуний чиқариб юборганликда айблади. Компания бош директори ва икки таъсисчиси ҳибсга олинди. Ушбу шахсларга нисбатан чиқарилган ҳукм тўғрисида ҳозирча маълум қилинмаган. 2025 йил март ойи охирида эса «ЭлКат» яна давлат мулкига қайтарилди.



