Иордания пойтахти Аммон шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг араб тилига таржима қилинган «Ҳозирги дунё ва Янги Ўзбекистон» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир республика мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланди, дея хабар беради Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) матбуот хизмати.
Китоб олти боб ва хулосадан иборат. Унда Мирзиёевнинг Ўзбекистонни ривожлантириш, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни модернизациялаш ва халқаро ҳамкорлик борасидаги қарашлари баён этилган. Илм-фан, таълим ва маданиятни ривожлантиришни назарда тутувчи Учинчи Ренессанс концепциясига алоҳида эътибор қаратилган. Асар араб тилидан ташқари инглиз, итальян, рус ва урду тилларига ҳам таржима қилинган.
Тақдимотда Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, республика Мусулмонлар идораси раиси Нуриддин Холиқназар, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчиси Нодиржон Турғунов, шунингдек, Иордания парламенти, диний ташкилотлари ҳамда илмий жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Иордания Бош муфтийси Аҳмад ал-Ҳасанот Ўзбекистон раҳбариятининг диний меросни асраб-авайлаш ва ислом таълимини ривожлантириш борасидаги фаолиятига юқори баҳо берди.
«Ўзбекистон — шунчаки қадимий тарихга эга мамлакат эмас, балки бутун ислом умматининг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутган, жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирлар етишиб чиққан муборак заминдир», — деди у.
Муфтий, шунингдек, диний таълим муассасаларини ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш ва тадқиқот марказларини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қайд этди.
Иорданиянинг Ол ал-Байт университети вице-президенти, профессор Ҳани Аҳуршида мамлакатлар ўртасидаги илмий ва маданий ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу каби учрашувлар ихтилофларни бартараф этиш ва халқларнинг бир-бирини бойитишига хизмат қилади.
«Асарда таъкидланганидек, инсоният низолар ўрнига ҳамкорликни, қўрқув ўрнига илмни, адоват ўрнига ўзаро ишончни танлагандагина барқарор тараққиётга эриша олади», — деди профессор.
Президент китоби билан бирга Аммонда Ўзбекистон тарихи ва замонавий тараққиётига бағишланган араб тилидаги яна тўққизта нашр тақдим этилди. Улар орасида «Шавкат Мирзиёев — жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби» альбоми, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф сўзбоши ёзган «Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепцияси» китоби ва «Янги Ўзбекистон: тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик диёри» нашри бор. Китоблар Иордания кутубхоналарига туҳфа қилинди.
Тақдимот «Ўзбекистон: цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» китоб кўргазмаси ва ««Мовароуннаҳр — асрлар оша таралган ислом цивилизацияси зиёси» мавзусидаги халқаро конференция билан бирга ўтказилди. Иштирокчиларга, шунингдек, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази таништирилди. Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, тадбирларда 1500 дан ортиқ киши қатнашди.
Иштирокчилар олдида сўзга чиққан ИЦМ директори Фирдавс Абдухолиқов Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурган ташаббуси — жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳақида эслатиб ўтди.
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – бу, энг аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва муаллифлик ғояси асосида амалга оширилган улкан маърифий лойиҳадир. Давлатимиз Раҳбари 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббусларида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Марказ ана шу эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш, буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва уни жаҳонга танитишга хизмат қилади», — деди Абдухолиқов.



