Тўқаев: Қозоғистон сўнгги етти йил ичида 155 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилди

Қосим-Жомарт Тўқаев. Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Сўнгги етти йил давомида Қозоғистон 155 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилди, 2026 йил бошидан буён эса умумий қиймати 60 миллиард долларлик 355 та тижорат келишуви имзоланди. Бу ҳақда президент Қосим-Жомарт Тўқаев Республика куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда маълум қилди, деб хабар беради «Оқўрда».

Қозоғистонда Республика куни 25 октябрда нишонланади. 1990 йилнинг айнан шу куни давлат суверенитети тўғрисидаги декларация қабул қилинган. Тўқаев 2019 йилдан буён президент лавозимида ишлаб келмоқда.

Президентнинг сўзларига кўра, 2019 йилдан буён мамлакат иқтисодиёти қарийб 30 фоизга ўсган. Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 350 миллиард долларга яқинлашмоқда. Бу кўрсаткич бўйича Қозоғистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари орасида иккинчи ўринни эгаллайди. Аҳоли жон бошига ЯИМ 15 минг доллардан ошган. Кичик ва ўрта бизнеснинг ЯИМдаги улуши 40 фоизга етган, ушбу соҳада меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг қарийб ярми ишламоқда.

Тўқаевнинг таъкидлашича, сўнгги беш йилда қайта ишлаш саноати маҳсулотлари экспортининг умумий экспортдаги улуши 45 фоиздан ошган. Ҳар йили 150 мингдан ортиқ енгил ва юк автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда. Етти йил давомида автомобиль ва темир йўлларининг ўн минглаб километр қисми қурилган ва таъмирланган.

Ижтимоий соҳага, Тўқаевнинг маълумотларига кўра, сўнгги етти йилда 88 триллион тенге (қарийб 197 миллиард доллар) ажратилган. 2019 йилдан буён 1259 та тиббиёт муассасаси, 1342 та мактаб ва 1483 та болалар боғчаси қурилган. 1,7 миллиондан ортиқ ўқувчи бепул иссиқ овқат билан таъминланган. Етти йил давомида олий таълим учун умумий қиймати 1,5 триллион тенге (3,3 миллиард доллар) бўлган 655 мингдан ортиқ грант ажратилган. «Миллий жамғарма — болаларга» лойиҳаси доирасида 7 миллион нафар боланинг ҳисоб рақамларига 2,5 миллиард доллар ўтказилган.

Мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 76 ёшга яқинлашган. Жаҳон банки маълумотларига кўра, бу кўрсаткич бўйича Қозоғистон минтақада етакчилик қилмоқда. Президент, шунингдек, мамлакат дунёдаги энг нуфузли давлатлар қаторига кириб, 34-ўринни эгаллаганини таъкидлади.

Тўқаев рақамли технологиялар соҳасига ҳам алоҳида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, ахборот технологиялари (IT) соҳасидаги хизматлар экспорти 1 миллиард доллардан ошган. Остонада Alem.ai халқаро сунъий интеллект маркази ва Astana Hub технопарки фаолият юритмоқда. Маълумотларни қайта ишлаш марказлари кластери қурилмоқда.

«Иккита суперкомпьютер ишга туширилди. Уларнинг ресурсларидан маҳаллий компаниялар ва олимлар фойдаланмоқда. Учинчи, жуда қудратли суперкомпьютерни ишга тушириш арафасидамиз», — деб маълум қилди Тўқаев.

Сиёсий масалаларга тўхталар экан, президент янги Конституция қабул қилинганидан сўнг давлат ҳокимияти тизими тўлиқ янгиланганини, вице-президент лавозими таъсис этилганини ва олий маслаҳат органи — Қозоғистон Халқ кенгаши (Қазақстан Халық Кеңесі) ўз фаолиятини бошлаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, кўнгиллилар ҳаракати ҳам конституциявий мақомга эга бўлди.

Тўқаев мавжуд камчиликлар ва йўл қўйилган хатоларни тан олишини қайд этди.

«Ҳукумат, депутатлар ва давлат хизматчилари уларни бартараф этиш учун барча кучларини сафарбар этишлари керак», — деди президент.

У давлатни ривожлантиришнинг устувор вазифаларини келаси ҳафта халққа йўллайдиган Мурожаатномасида батафсил баён қилишини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ