Суд Қашаған операторидан баҳсли харажатлар учун 12 миллиард доллар ундириш бўйича Қозоғистон талабларини рад этди

enka.com сайти фотосурати

Халқаро арбитраж суди Қозоғистоннинг North Caspian Operating Company (NCOC) нефть консорциумига нисбатан Қашаған конини ўзлаштириш жараёнидаги баҳсли харажатларни қоплаш бўйича талабларини қисман рад этди. Гап Марказий Осиё республикаси ҳукумати даъвосида кўрсатилган 20 миллиард доллардан қарийб 12 миллиард доллари ҳақида бормоқда. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, Bloomberg хабар берди.

Қозоғистон талабларида мамлакатдаги иккинчи йирик нефть кони — Қашағанда нефть қазиб олиш қувватларини ишга тушириш кечиктирилгани сабабли ҳақиқий харажатлар дастлабки бюджетдан анча ошиб кетгани қайд этилган. Остона қарийб 20 миллиард долларни ташкил этувчи баҳсли харажатларни қоплашни талаб қилган.

Бироқ, арбитраж суди Қозоғистон 2011–2015 йилларда қилинган харажатларга тааллуқли даъвони жуда кеч тақдим этган, деган қарорга келди. Шу сабабли 12 миллиард долларлик харажатларни қоплаш талаби рад этилди. Қолган 8 миллиард долларлик даъво бўйича ишни кўриб чиқиш давом этмоқда. Суд муҳокамасида айнан қайси масалалар кўриб чиқилиши ҳали аниқлаштирилмаган.

Қозоғистон анча вақтдан бери NCOC билан судлашиб келади. Консорциум таркибига Shell, ExxonMobil, Eni, TotalEnergies, China National Petroleum Corporation ва Япониянинг Inpex компанияси каби йирик корпорациялар киради. Даъволар асосан бой берилган фойда, экологик меъёрларнинг бузилиши ва коррупция билан боғлиқ.

Айтиш жоиз, коррупцияга оид айбловлар Қозоғистоннинг Қашаған лойиҳаси иштирокчиларига қарши қиймати 160 миллиард доллар бўлган кенг кўламли арбитраж даъвосининг бир қисмига айланган. Мазкур низо 1997 йилда тузилган Шимолий Каспий бўйича маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим ва унга 2008 йилда киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ.

Таҳлилчиларнинг баҳолашича, 2016–2023 йилларда Қозоғистон ушбу битим доирасида солиқлар ва роялти тўловларини қўшиб ҳисоблаганда 5,4 миллиард доллар олган. Айни пайтда нефть сотишдан тушган умумий даромад қарийб 55 миллиард долларни ташкил этган.

Шу муносабат билан республика ҳукумати лойиҳани амалга ошириш жараёнида эҳтимолий қоидабузарликлар, коррупция ва атроф-муҳитга етказилган зарарни важ қилиб, битим шартларини қайта кўриб чиқишга интилмоқда. NCOC эса Қозоғистоннинг даъволарини рад этмоқда.

Жорий йил октябрь ойи бошида хабар қилинганидек, Остона консорциумдан 2,3 триллион тенге (қарийб 5 миллиард доллар) миқдоридаги экологик жаримани ундириш жараёнини қайта бошлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ