Кремль Путинга берган юқори баҳоси учун Тўқаевга миннатдорлик билдирди

Оқўрда матбуот хизмати фотосурати

Кремль Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Россия президенти Владимир Путинга берган баҳосини юқори қадрлашини билдирди. Бу ҳақда Россия давлат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга маълум қилди, деб хабар беради РИА Новости.

«Албатта, биз бу баҳони жуда юқори қадрлаймиз ва Қозоғистон президентига Путинга берган баҳоси учун миннатдормиз. Дарҳақиқат, биз Қозоғистон билан муносабатларимизни, икки томонлама алоқаларимизни жуда қадрлаймиз», — деди Песков.

ТАСС хабар беришича, Песков икки президентнинг шахсий муносабатларини яқин, конструктив ва ишончли деб атаган. Унинг сўзларига кўра, бу муносабатлар уларга халқаро кун тартибидаги энг мураккаб масалаларни, жумладан, Украинадаги можарони ҳал этиш билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилиш имконини беради.

Аввалроқ Тўқаев Мерц билан ўтказган матбуот анжуманида Путинни ўз фикрига кўра, Қозоғистон, Марказий Осиё, Европа ва бутун дунё учун энг мақбул сиёсий шахс деб атаган эди. Тўқаев Россия президенти «мураккаб тарихга эга мамлакати олдида турган стратегик мақсадларни ўзига хос тарзда англайдиган улкан давлат раҳбари учун зарур бўлган энг муҳим фазилатларга эга», деб таъкидлаганди.

Шу матбуот анжуманида Қозоғистон раҳбари Украина ҳудудидаги можарони яна бир бор музлатишга чақириб, бу «дипломатик ёки бошқа турдаги музокаралар жараёнига ўтиш» имконини беришини айтган.

Бундан аввал Тўқаев шу каби чақириқ билан жорий йил июль ойида Омскда Путин билан учрашуви чоғида чиққан эди. Бунга жавобан Россия раҳбари унга ҳарбий операциянинг бориши ҳақида батафсил маълумот берган. Ўшанда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Киев позициясини ҳисобга олган ҳолда, «амалда музлатишнинг иложи йўқ»лигини таъкидлаган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ