Қозоғистон Москвадан Россия армиясига бориб қолган фуқароларни қайтаришни сўради

azattyqasia.org сайти фотосурати

Қозоғистон Россия Ташқи ишлар вазирлигига нота юбориб, Россия армияси сафида қолиб кетган республика фуқароларини ватанга қайтаришга кўмаклашишни сўради. Улар орасида Остона шаҳрида яшовчи Мирас Ташарганов ҳам бор. У Россияга ишлаш учун борган, кейин эса оиласига ҳарбий шартнома имзолашга мажбурланганини айтган. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги «Азаттиқ» сўровига жавобан маълум қилди.

Вазирлик маълум қилишича, 17 сентябрь куни Қозоғистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими Мираснинг онаси Гулжан Ташарганова ва унинг ўзи билан боғланган. Ташарганов аввалроқ онаси томонидан етказилган маълумотларни тасдиқлаган ва унинг ёнида яна бир нечта Қозоғистон фуқароси борлигини айтган. Мирас уларнинг уйига қайтишига кўмаклашишни сўраган.

Мирас Ташаргановнинг ҳикоясини «Азаттиқ» ўтган ҳафтада ёритган эди. Остоналик 25 ёшли йигит вахта усулида ишлаш учун Россияга борган, аммо кейин Россия қуролли кучлари сафидан ўрин олган. Ташарганов онаси билан суҳбатларда Россия Федерацияси Қуролли кучларида бир йил хизмат қилиш учун шартнома имзолаганини ва бунга мажбурланганини айтган. Аёл ўғлини уйига қайтариш илтимоси билан Қозоғистон давлат органларига мурожаат қилган, чунки уни Украинадаги урушга юборишларидан хавотир олган.

Россиянинг Украинага қарши урушида рус қўшинлари томонида иштирок этаётган Қозоғистон фуқаролари сони ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Аввалроқ Украинанинг «Хочу жить» давлат лойиҳаси Россия Мудофаа вазирлиги билан камида 2389 нафар Қозоғистон фуқароси шартнома тузгани ҳақида хабар берган. Лойиҳа маълумотларига кўра, Россия қуролли кучлари таркибида Марказий Осиё давлатларининг 12 мингдан ортиқ фуқароси иштирок этган бўлиши мумкин.

❗ Қозоғистон фуқароларининг чет эллардаги қуролли можароларда иштирок этиши жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин. Қозоғистон Жиноят кодексининг 172-моддаси хорижий қуролли можароларда иштирок этганлик учун, 170-моддаси эса ёлланма аскарлик учун жазо белгилайди. Жиноятнинг таснифига қараб, 172-модда бўйича жазо тўққиз йилгача қамоқ жазосини, 170-модда бўйича эса умрбод озодликдан маҳрум этилишни назарда тутади.

Россиядаги мигрантларга ёрдам бераётган ҳуқуқ ҳимоячилари илгари ҳарбий шартнома имзолангандан сўнг инсонни Россия армиясидан қайтариш жуда қийин бўлишини айтишган. Айрим ҳарбий хизматчилар яралангани ва госпиталларда даволанганидан сўнг Қозоғистонга қайтиб келади, бу ерда эса уларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ