Қозоғистонлик туроператор Эрон билан алоқалари туфайли АҚШ санкцияларига дуч келиш хавфи остида қолди

Mahan Air авиакомпанияси сайти фотосурати

АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Қозоғистоннинг «Тур Инвест» компаниясини Эроннинг Mahan Air авиакомпанияси билан алоқалари туфайли ўз реестрига киритди. Бу ҳақда АҚШ идораси маълумотларида келтирилган.

Олмаотада жойлашган компанияга нисбатан реестрда Secondary sanctions risk — «иккиламчи санкциялар хавфи» деган белги кўрсатилган. Бу чекловлар қўлланилиши эҳтимолини англатади, аммо компанияга нисбатан тўғридан-тўғри санкциялар жорий этилганини билдирмайди. Санкцияларга бевосита тушадиган субъектлар учун OFAC Subject to Secondary Sanctions — «иккиламчи санкциялар қўлланилади» деган иборадан фойдаланади.

OFAC маълумотларига кўра, «Тур Инвест» Эроннинг Mahan Air авиакомпанияси учун маҳаллий савдо агенти вазифасини бажаради.

«Курсив.kz» маълумотларига кўра, «Тур Инвест» 2014 йилда Олмаота шаҳрида рўйхатдан ўтган ва кичик корхоналар тоифасига киради. Adata маълумотларига кўра, компанияда беш нафардан кам ходим ишлайди. Рўйхатдан ўтиш ҳужжатларида асосий фаолият тури туроператорлик сифатида кўрсатилган. «Тур Инвест»нинг икки нафар таъсисчиси бор: «Отель Жетiсу» ва Crystal Bay Kazakhstan компанияларига ҳам раҳбарлик қилувчи Ансар Дуйсенгалиев (ҳар икки ташкилот ҳам фаолиятини тўхтатган мақомга эга) ҳамда «Тур Инвест» ҳаммуассиси ва директори Зиёи Бабак Али. Бундан ташқари, у Қозоғистондаги «Эрон бизнес маркази»га раҳбарлик қилади.

OFACнинг янгиланган рўйхатига Қозоғистон, Малайзия, Туркия, БАА ва Буюк Британиядаги Mahan Air Эрон авиакомпанияси билан алоқалари бўлган компания ва ташкилотлар киритилди.

Авиакомпания аввал Эрон ва Олмаота ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширган, бироқ ҳозирда ушбу парвозлар тўхтатилган.

Шу билан бирга, АҚШ ҳукуматининг даъволари бевосита фуқаролик йўловчи ташувлари билан боғлиқ эмас. Вашингтоннинг таъкидлашича, Эрон авиация инфратузилмасидан қурол-яроғ, шахсий таркиб ва бошқа юкларни ташиш учун ҳам фойдаланилади, Mahan Air эса Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан боғлиқ. Mahan Airнинг ўзи 2011 йилдан бери АҚШ санкциялари остида.

OFAC қарори Вашингтоннинг Эрон билан савдо алоқаларини сақлаб қолаётган давлатлар ва компанияларга нисбатан босимни кучайтириши фонида қабул қилинди.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио бир неча кун олдин дунё бўйлаб Америка элчихоналарига мезбон давлатлар ҳукуматларига Эрон билан савдо муносабатларини тўхтатиш ва у билан боғлиқ ноқонуний тижорий фаолиятга чек қўйиш талабини билдирувчи расмий дипломатик нота топширишни буюрди. Бу ҳақда аввалроқ Axios нашри америкалик амалдорларга таяниб хабар берган эди.

Жумладан, Марказий Осиёнинг бир қатор давлатларидаги АҚШ дипломатик ваколатхоналари ҳам махсус кўрсатмалар олган. Бироқ Axios гап айнан қайси давлатлар ҳақида бораётганини аниқлаштирмаган.

Минтақа давлатлари ҳокимият органлари ҳозирча Вашингтон талабларига расмий даражада муносабат билдирмаган.

Эрон билан умумий товар айланмаси нисбатан кичик — 2024 йилда қарийб 1,9 миллиард доллар бўлганига қарамай, Марказий Осиёнинг барча давлатлари Теҳрон билан муносабатларда ўз иқтисодий манфаатларига эга. «Независимая газета» таъкидлашича, республикалар учун Эрон Форс кўрфази портларига олиб борувчи йўл вазифасини бажаради ҳамда Россия ва Хитойга қарамликни камайтириш имконини беради.

  • Марказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми?

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор