Қора денгиздаги КҚК терминали яқинида яна икки танкер ҳужумга учради — нефть юклаш ишлари тўхтатилган

t.me/caspian_pipeline фотосурати

30 июль куни кечаси Маршалл ороллари байроғи остида ҳаракатланаётган NISSOS SIFNOS танкери Каспий қувур консорциумининг (КҚК) денгиз терминалида юклаш ишларини амалга ошираётган вақтда дронлар ҳужумига учради. Бу ҳақда КҚК матбуот хизмати хабар берди.

Кема «Тенгизшевройл» компанияси нефтини ташиётган бўлган. Консорциум маълумотларига кўра, ҳужум Москва вақти билан соат 01:48 да содир бўлган. Дрон зарбаси натижасида юк палубасида, нефть қабул қилиш манифольдлари жойлашган ҳудудда ёнғин чиққан. Ёнғин кема экипажи томонидан КҚКнинг учта ёрдамчи кемаси кўмагида бартараф этилган.

Ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган. Нефть тўкилишининг олди олинган, тиббий ёрдам кўрсатиш ва экипажни эвакуация қилишга эҳтиёж бўлмаган. Танкер ўз сузиш қобилиятини сақлаб қолган, ҳозирда етказилган зарар баҳоланмоқда.

Нефть юклаш ишлари вақтинча тўхтатилган, бироқ нефть қувури объектлари штат режимида ишлашда давом этмоқда.

Шунингдек, КҚК маълумотига кўра, шу куни Денгиз терминалидан олти денгиз мили масофада нефть қабул қилиш учун терминал томон ҳаракатланаётган Мэн ороли байроғи остидаги MARATHI танкери ҳам ҳужумга учраган.

Консорциум таъкидлашича, ҳужумлар Қозоғистон ва КҚКнинг бошқа хорижий акциядорлари, жумладан, АҚШ Давлат департаменти орқали халқаро энергетика инфратузилмаси объектларига куч ишлатиш йўли билан таъсир ўтказишга йўл қўймаслик ҳақидаги чақириқларига қарамасдан содир бўлган.

КТК акциядорлари таркибига Россия (31%), Қозоғистон (20,75%), АҚШнинг Chevron компанияси (15%) ва бир қатор хусусий компаниялар киради. Каспий қувур консорциуми Қозоғистон нефти экспортининг 80 фоиздан ортиғини таъминлайди. Қувур орқали мамлакатнинг энг йирик — Тенгиз, Қашаған ва Қорачиғаноқ конларидан олинаётган хом ашё ташилади. Сўнгги вақтларда консорциум иштирокчиларига тегишли нефть ташувчи танкерлар мунтазам равишда дронлар ҳужумига учрамоқда. Аввалги зарбадан кейин КҚК нефть юклаш ишларини деярли бир ҳафта — 21 июлдан 27 июлга қадар тўхтатишга мажбур бўлганди. Бу ҳолат Қозоғистонда нефть ва газ конденсати қазиб чиқариш ҳажмини қисқаришига, шунингдек, давлат бюджети нефть даромадларининг камайишига олиб келди.

  • Марказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми?

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор