Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир гуруҳ мустақил экспертлари Қирғизистон парламентини жинсни ўзгартириш ва гендер идентификациясини ҳуқуқий тан олишни тақиқловчи қонун лойиҳасини кўриб чиқишдан бош тортишга чақирди. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар маркази хабар берди.
Экспертлар таклиф этилаётган ўзгартишлар трансгендер ва гендер жиҳатидан хилма-хил бўлган инсонларга нисбатан давлат томонидан камситишга олиб келиши, шунингдек, уларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини сезиларли даражада чеклаши мумкинлигидан чуқур хавотир билдирдилар.
БМТ вакилларининг баёнотига Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) томонидан «Қирғиз Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг биринчи ўқишда қабул қилиниши сабаб бўлди. Парламент спикери Марлен Маматалиев ва бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан тайёрланган ҳужжат 2026 йил 4 июнь куни маъқулланган. Қонун лойиҳасида жинс инсон туғилган пайтда қайд этилган фақат биологик хусусиятларга асосланган ва ўзгармас тушунча сифатида белгиланади.
Қонун лойиҳаси матнига кўра, фуқаролик ҳолати далолатномалари ва бошқа ҳужжатларда жинсни ўзгартириш тан олинмайди. Ҳужжат, шунингдек, жинсни ўзгартиришга қаратилган тиббий аралашувларни, жумладан, жарроҳлик амалиётлари ва гормонал терапияни тақиқлашни назарда тутади. Бундан ташқари, ота-onаларни болаларини фақат туғилганда белгиланган жинсига мувофиқ тарбиялашга мажбурлайди. Алоҳида қоида сифатида бир хил биологик жинсга мансуб шахслар ўртасида никоҳ тузишни тўғридан-тўғри тақиқлаш таклиф этилади.
«Биз қонун лойиҳасининг биринчи ўқишда қабул қилинганидан чуқур афсусдамиз», — дея баёнот берди БМТ экспертлари.
Улар таклиф этилаётган ўзгартишлар Қирғизистон Конституциясига ҳам, мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига ҳам зид эканини таъкидладилар. Экспертларнинг сўзларига кўра, ушбу ўзгартишлар гендер тенглиги тамойилини бузиши ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги, соғлиқни сақлаш, таълим олиш ҳамда фикр билдириш эркинлиги каби қатор асосий ҳуқуқларга таъсир қилиши мумкин.
БМТ экспертлари қонун лойиҳаси муаллифларининг гендер хилма-хиллигини тан олишни демографик сиёсат, миллий хавфсизлик ва барқарор ривожланишга таҳдидлар билан боғловчи далилларини танқид қилди. Улар Қирғизистон парламентига қонун лойиҳасини қайтариб олишни ва мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамда миллий мажбуриятларга мос келадиган қонунлар қабул қилинишини таъминлашни тавсия қилди.
Аввалроқ қонун лойиҳасини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch ташкилоти ҳам танқид қилган эди. HRW вакилларининг таъкидлашича, ҳужжат «трансгендер инсонлар ҳақидаги хавфли афсоналар»га асосланган бўлиб, уларнинг ҳаётига жиддий зарар етказиши мумкин.
«Ушбу қонун одамларни ҳуқуқий тан олиниш имкониятидан маҳрум қилади, уларни жамият четида қолдиради ҳамда камситиш ва зўравонликка нисбатан заиф ҳолатга келтиради», — деб ҳисоблайди HRWнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Сийнат Султоналиева.
Ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлашича, қонун лойиҳаси амалда трансгендер болалар ва ёшларга психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда жинсий тарбия беришни жиноийлаштиради. Бу эса Қирғизистон Конституцияси ва БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига зид келади.
Human Rights Watch ташкилоти, шунингдек, 2020 йил август ойига қадар Қирғизистонда тиббий «транссексуализм» ташхиси мавжуд бўлган тақдирда, шахс танлаган гендерини маъмурий тартибда ҳуқуқий тан олиш имконияти бўлганини эслатади. Бироқ, парламент ушбу тартибни қонунчиликдан чиқариб ташлади. Шундан кейин трансгендер шахслар ҳужжатлардаги гендер белгисини фақат суд орқали ўзгартириш имкониятига эга эди. Янги қонун лойиҳаси эса бу йўлни ҳам ёпмоқда.
Қонун лойиҳасида жинсий ривожланишнинг туғма аномалиялари бўлган шахслар учун истисно назарда тутилган — бунда тиббий комиссия хулосаси ва суд қарори мавжуд бўлиши керак. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Тилек Мамадалиев парламент мажлисида Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали жинсни ўзгартириш бўйича расмий ҳолатлар қайд этилмаганини айтган эди. Бироқ, бу маълумотлар аввал эълон қилинган маълумотларга зид келади: 2018 йилда Миллий госпитал вакили тўрт йил давомида жинсни ўзгартириш бўйича 10 та операция ўтказилганини маълум қилган, 2017 йилда эса Давлат рўйхатга олиш хизмати паспортлардаги жинс ҳақидаги маълумотларни алмаштириш бўйича 12 та ариза келиб тушганини билдирган.
Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, у иккинчи ва учинчи ўқишларда маъқулланиши, шундан сўнг президент томонидан имзоланиши керак. Human Rights Watch ташкилоти парламент қонунни тезлаштирилган тартибда қабул қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
ℹ️ БМТнинг мустақил экспертлари БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан тайинланади. Улар БМТ ходимлари ҳисобланмайди ва ўз фаолияти учун маош олмайди. Улар шахсий мақомда иш юритади ҳамда ҳеч қандай ҳукумат ёки ташкилот номидан вакиллик қилмайди.



