Қозоғистон ва Хитой Шанхайда 15 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга келишувларни имзолади

Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Шанхайга ишчи ташрифи доирасида қозоғистонлик ва хитойлик компаниялар умумий қиймати 15 миллиард доллардан ортиқ бўлган 70 дан зиёд тижорат келишувларини имзолади. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати маълум қилди.

Ҳужжатлар сунъий интеллект, рақамлаштириш, транспорт инфратузилмаси, машинасозлик, молия, агросаноат мажмуаси ва логистика каби кенг йўналишларни қамраб олади.

Хитойнинг йирик юқори технологияли компаниялари раҳбарлари билан учрашувда Тўқаев хитойлик тадбиркорларни Қозоғистонни рақамли трансформация қилиш бўйича кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга таклиф қилди. У устувор йўналишлар қаторида Экибастуз шаҳрида Data Center Valley инновацион кластери ташкил этилишини қайд этди. Ушбу лойиҳа маълумотларни қайта ишлаш марказлари, булутли хизматлар ва сунъий интеллект инфратузилмаси бўйича минтақавий марказга айланиши керак.

Бундан ташқари, президент хитойлик инвесторларни янги Алатау шаҳрини «ақлли шаҳар» лойиҳаси сифатида ривожлантиришга, қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни жорий этишга, шунингдек, муҳим минералларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш бўйича лойиҳаларга жалб этишни таклиф қилди.

«Бизнинг мақсадимиз фақат капитал жалб қилиш эмас. Биз янги технологияларни биргаликда ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш, янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ва билимлар иқтисодиётини ривожлантирадиган инсон капиталини юксалтиришга интилмоқдамиз», — деди Тўқаев.

Имзоланган энг муҳим ҳужжатлар орасида Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ҳамда Huawei Technologies ўртасидаги стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги келишув, «Самрук-Қазина» жамғармаси, Freedom Holding Corp., Остона шаҳар ҳокимлиги ва Geely Auto Group ўртасида электромобиллар инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда автомобиль соҳасига сунъий интеллектни жорий этиш бўйича келишув, шунингдек, Allur гуруҳи ва Li Auto ўртасида Хитой брендидаги автомобилларни Қозоғистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳақидаги келишув бор.

Шунингдек, Қуриқ порти кўп функцияли терминалининг биринчи босқичини қуриш, Data Center Valley лойиҳасини ривожлантириш, текширув ускуналарини маҳаллийлаштирилган ҳолда ишлаб чиқариш, OMODA ва JAECOO автомобилларини ишлаб чиқариш, робототехника, сунъий интеллект, телекоммуникациялар, логистика ва олий таълим соҳаларида қўшма лойиҳалар яратиш бўйича келишувлар имзоланди.

Оқўрда маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Қозоғистонда Хитой капитали иштирокидаги 8,5 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Хитойнинг республика иқтисодиётига киритган умумий инвестициялари ҳажми 30 миллиард доллардан ошган, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми эса 2025 йил якунларига кўра 49 миллиард долларга етган. Қозоғистон президенти хитойлик инвесторларни мамлакат бизнес юритиш учун қулай шароитларни, жумладан инвестицияларни ҳимоя қилиш ва махсус солиқ режимларини таъминлашга тайёр эканига ишонтирди.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • YouTubeда тинчлик даврида ҳалок бўлган қозоғистонлик аскарлар ҳақида фильм эълон қилинди