Қозоғистоннинг BACKEER стартапи Португалияда ўтказилган Women's Health × EmbryoNet-AI Startup Competition халқаро танловининг икки нафар ғолибидан бири бўлди. Жамоа сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш технологиясини тақдим этди, деб хабар беради Digital Business.
Жулдиз Мирхиева ва Қанағат Қантореева томонидан асос солинган стартап толали-оптик биосенсорлар асосида биомаркерларни тез ва юқори аниқликда аниқлаш имконини берувчи платформани ишлаб чиққан. Технологиянинг асосий мақсади кўкрак бези саратонини эрта ташхислаш самарадорлигини ошириш, шунингдек, лаборатория тадқиқотларини тезроқ ва аниқроқ қилишдан иборат.
Мукофот сифатида BACKEER 100 минг еврогача бўлган қийматда техник қўллаб-қувватлашни қўлга киритади. Жамоа ушбу ёрдамни ўз биосенсорлари учун сунъий интеллект платформаси ва фойдаланувчи интерфейсини яратишга йўналтиришни режалаштирмоқда.
Танловда Европа, Марказий Осиё, Африка ва дунёнинг бошқа минтақаларидан жами 165 та стартап, илмий лаборатория ва тадқиқот гуруҳи иштирок этган. Барча лойиҳалар аёллар саломатлиги соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда сунъий интеллектдан фойдаланишга бағишланган.
Ҳакамлар ҳайъати ишланмаларни бир нечта мезонлар асосида баҳолаган. Улар орасида соғлиқни сақлаш тизимига эҳтимолий таъсири, илмий ва тижорат истиқболлари, маълумотлардан фойдаланиш имкониятлари, EmbryoNet-AI платформаси билан мослиги, шунингдек, таклиф этилаётган ечимларнинг ахлоқий талабларга мувофиқлиги ва барқарорлиги каби жиҳатлар жой олган. Танлов якунларига кўра, Қозоғистоннинг BACKEER стартапи билан бир қаторда Жанубий Африка Республикасининг Netalis Medical компанияси ҳам ғолиб деб топилган.



