Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳаво ҳароратининг совиб кетиши сабабли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолиятига чекловлар киритилиши мумкинлиги ҳақида фуқароларни огоҳлантирди. Бу ҳақдаги маълумот идоранинг Telegram-каналида эълон қилинди.
Қайд этилишича, Ўзгидромет маълумотларига кўра, 9–11 ноябрь кунлари ҳарорат кескин пасайиши, ёмғир ёғиши, шимолий ва тоғли ҳудудларда эса қорга айланиши кутилмоқда. Бунда ҳаво ҳарорати манфий кўрсаткичларгача тушиб, кечаси айрим жойларда 7 даражагача совуқ бўлиши мумкин.
Энергетика вазирлиги таъкидлашича, Тошкентда ва республиканинг бошқа ҳудудларида иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида газ таъминотида устуворлик аҳоли хонадонлари, кўп қаватли уйлар, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий муассасаларга берилади.
Шу сабабли зарурат туғилганда айрим объектлар, жумладан метан ва пропан газ қуйиш шохобчалари фаолияти чекланиши мумкин.
Газ қуйиш шохобчаларининг иш вақти маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган жадваллар асосида тасдиқланади. Истеъмолчилар бу ҳақда олдиндан огоҳлантирилади, дея ваъда берди вазирлик.
Шу билан бирга, идора газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ ҳар қандай саволлар юзасидан фуқаролар Энергетика вазирлигининг қисқа рақамларига мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди. Шунингдек, «Ўзэнергоинспекция» ишонч телефони орқали ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ёки тармоққа ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари бўйича шикоятлар қабул қилинади.
Фурсатдан фойдаланиб, мутахассислар совуқ кунларда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш бўйича бир қатор тавсияларни берди:
✅ иситиш ва газ жиҳозлари, мўрилар ҳамда шамоллатиш каналларининг ҳолатини текширинг;
✅ носоз мосламалардан фойдаланманг, хонани газ плитаси ёрдамида иситманг — бу ис газидан заҳарланишга олиб келиши мумкин;
✅ симлар ва розеткаларга ортиқча юклама берманг, битта узайтиргичга бир нечта кучли қурилмани уламанг;
✅ ёқилган иситиш мосламаларини назоратсиз қолдирманг.
Вазирлик, шунингдек, тежамкорликни ёдда тутишга: кераксиз жиҳозларни ўчиришга, иситгичлардан меъёрида фойдаланишга чақиради. Бу оилавий харажатларни тежайди ва тармоққа тушадиган юкни камайтиради, дея хулоса қилади Энергетика вазирлиги.
Қўшимча қилиш жоиз, Ўзбекистонда қиш мавсумида АГТКШлар ишини чеклаш одатий ҳолга айланган. Бундай чоралар расмийлар томонидан сўнгги бир неча йил давомида жорий этилмоқда.



