Қозоғистон расмийлари Миллий пантеондан жой олишга даъвогарлар рўйхатини кенгайтирди

kaztag.kz сайтидан олинган сурат

Қозоғистонда Миллий пантеонга дафн этиш қоидалари ўзгартирилди. Эндиликда ёдгорлик мажмуасига дафн этилиш ҳуқуқи вице-президент, Қурултой ва Қозоғистон Халқ Кенгаши раислари ҳамда уларнинг ўринбосарларига ҳам тааллуқлидир. Бу ҳақда ҳукуматнинг 4 ноябрдаги қарорида айтилади.

Янгиланган рўйхатга мувофиқ, Миллий пантеонга қуйидагилар дафн этилиши мумкин:

👉 вице-президент, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари;

👉 Қурултой ва Қозоғистон Халқ Кенгаши раислари ҳамда уларнинг ўринбосарлари;

👉 парламент палаталари раислари ва уларнинг ўринбосарлари;

👉 давлат котиблари ва давлат маслаҳатчилари;

👉 Президент администрацияси раҳбарлари;

👉 Конституциявий кенгаш, Конституциявий суд, Олий суд ва Миллий банк раислари;

👉 Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосарлари;

👉 вазирлар ва бевосита президентга бўйсунувчи давлат органлари раҳбарлари;

👉 Остона шаҳри, вилоятлар ва республика аҳамиятига эга шаҳарлар ҳокимлари.

Шу билан бирга, Қозоғистон президенти мамлакатнинг бошқа фуқароларини пантеонга дафн этиш бўйича алоҳида қарор қабул қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Дафн маросимини ташкил этиш тартиби ҳам ўзгарди. Эндиликда у марҳумнинг турмуш ўртоғи, яқин қариндошлари ёки қонуний вакили ташаббуси билан Остона шаҳри, вилоятлар ва республика аҳамиятига эга шаҳарларнинг маҳаллий ижроия органлари томонидан таъминланади.

ℹ️ Миллий пантеон Остона шаҳридан тахминан 25 километр нарида, Қабанбай ботир мақбараси яқинида жойлашган. Ёдгорлик мажмуаси 2019 йилда атоқли давлат, жамоат ва маданият арбоблари, шунингдек, мамлакат тараққиётига улкан ҳисса қўшган фуқаролар хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган. Пантеон ҳудуди мемориал бино, хотира музейи, қабр усти иншоотлари ва хиёбон зонасини ўз ичига олади.

ОАВ маълумотларига кўра, лойиҳа республика бюджетига тахминан 5,5 миллион долларга тушган.

Ҳозирда мажмуада жами 30 га яқин қабр мавжуд, деб ёзади Forbes.kz. Пантеонга дафн этилганлар орасида шоира ва парламентнинг собиқ депутати Фариза Ўнғарсинова, ёзувчи Абиш Кекилбоев, Олий суднинг собиқ раиси Мақсут Нарикбаев, Оқмўла вилоятининг собиқ ҳокими Сергей Дьяченко ва Ҳисоб қўмитасининг собиқ раҳбари Қўзи-Кўрпеш Жонбуршин бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Қозоғистон сунъий интеллект пойгасида АҚШ ва Хитой ўртасида қандай мувозанат сақламоқда

  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?