Россия Давлат думаси патент бекор қилинган ёки унинг амал қилиш муддати узайтирилмаган тақдирда Россияни тарк этиш учун 15 кунлик муддат белгилайдиган қонунни қабул қилди. Шунингдек, ҳужжатга кўра, меҳнат мигрантлари ўзини ва оила аъзоларини яшаш минимуми ҳамда ҳудудий коэффициентдан кам бўлмаган даражада моддий таъминлаши шарт. Бу ҳақда Давлат думасининг расмий сайти хабар берди.
Қонуннинг энг қатъий нормаси меҳнат мигрантлари оилаларига тааллуқли.
Агар патент ёки меҳнат фаолиятига рухсатнома бекор қилинса ёки унинг амал қилиш муддати узайтирилмаса, хорижлик фуқаро вояга етмаган фарзандлари, жумладан, фарзандликка олинган ёки васийлигида бўлган болалари билан бирга 15 кун ичида Россияни тарк этиши шарт.
Муддат яшаш ҳуқуқи тугаган пайтдан эмас, балки патент ёки рухсатнома бекор қилинган кундан бошлаб ҳисобланади. Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳозиргача фақат хорижликнинг ўзи мамлакатни тарк этиши талаб этиларди ва бу талаб яшаш муддати тугагач кучга кирган, бунда аниқ муддат белгиланмаган эди. Янги қонун ушбу икки талабни ҳам қатъийлаштиради. Фақат фарзандларнинг Россияда қонуний асосларда қолиши учун бошқа ҳуқуқий асослар мавжуд бўлган ҳолатлар истисно сифатида белгиланган.ъ
Янги қонунга кўра, хорижлик фуқаролар яшаб ва ишлаётган ҳудудда белгиланган яшаш минимуми ҳамда махсус ҳудудий коэффициентдан кам бўлмаган миқдорда даромад топиши шарт. Агар мигрант бир вақтнинг ўзида икки субъектда ишласа, ҳисоб-китоб энг юқори кўрсаткич асосида амалга оширилади. Шу билан бирга, даромад миқдори ҳудуд бўйича ўртача ойлик иш ҳақидан ошиб кетмаслиги керак.
Агар хорижликнинг даромади белгиланган даражадан паст бўлса, унинг меҳнат шартномаси бекор қилинган деб ҳисобланади ва Россияда бўлиш муддати қисқартирилади.
Шунингдек, хорижликнинг даромади тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаса ёки унинг иш ҳақи ўзи ва қарамоғидаги ҳар бир фарзанди учун белгиланган яшаш минимуми даражасидан паст бўлса, унга патент берилмайди ёки мавжуд патентнинг амал қилиш муддати узайтирилмайди.
Қонунга кўра, болаларнинг Россияда вақтинча бўлиш муддати ота-онасининг патенти амал қиладиган муддатгача узайтирилади, аммо 18 ёшга тўлгунга қадар. Бунинг учун жисмоний шахслар даромад солиғи (ЖШДС) бўйича ҳар бир бола ҳисобидан белгиланган қатъий аванс тўлови тўланган бўлиши шарт. Бола вояга етгач, у 30 кун ичида Россияни тарк этиши ёки мустақил равишда патент олиш учун ариза бериб, белгиланган аванс тўловини амалга ошириши лозим.
Қонун мигрантларнинг даромадларини назорат қилиш механизмини ҳам жорий этади. Солиқ органлари ҳар календарь йилининг уч, олти, тўққиз ва ўн икки ойи якунлари бўйича мигрантларнинг даромадлари ҳақидаги маълумотларни Россия Ички ишлар вазирлигига (ИИВ) юборади. Россия Ижтимоий жамғармаси эса уларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади. ИИВ мигрантнинг даромади мавжуд ёки мавжуд эмаслигини, унинг миқдорини ҳамда ЖШДС бўйича белгиланган қатъий аванс тўлови амалга оширилган-оширилмаганини текшириш ҳуқуқига эга бўлади. Текширувларни ўтказиш тартиби ва муддатларини вазирлик мустақил равишда белгилайди.
Агар вақтинча яшаш рухсатномаси (РВП) ёки доимий яшаш гувоҳномаси (ВНЖ) олган хорижликнинг ушбу ҳужжат берилган кундан бошлаб бир йил ичидаги даромади яшаш минимумидан паст бўлса, мазкур рухсатномалар бекор қилинади. Бунда кундузги таълимда таҳсил олаётган талабалар, пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз шахслар, вояга етмаганлар ва қатор бошқа тоифалар учун истисно белгиланган. Шунингдек, агар хорижлик ишини йўқотган бўлса, аммо уч ой ичида янги иш топиб, унинг даромади белгиланган талабларга мос келса, унинг рухсатномаси бекор қилинмайди.
Қонуннинг асосий нормалари 2027 йил 1 январдан кучга киради. Ўзини ва оиласини яшаш минимумидан кам бўлмаган даражада таъминлаш мажбурияти ҳамда Россияда бўлиш муддатини қисқартириш механизми эса 2027 йил 1 мартдан амал қила бошлайди. Давлат органлари ўртасида маълумот алмашишга оид қоидалар қонун расман эълон қилинганидан 90 кун ўтгач кучга киради.
Бундан ташқари, Россия Давлат думаси Ички ишлар вазирлигига (ИИВ) Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг малакали хорижлик мутахассислар учун касблар рўйхатини тасдиқлаш бўйича ваколатларини ўтказувчи қонунни ҳам қабул қилди. Энди ИИВ кимлар соддалаштирилган тартибда яшаш гувоҳномаси (ВНЖ) олиш ҳуқуқига эга эканини, шунингдек, Меҳнат вазирлиги ҳудудлар буюртмалари асосида белгилайдиган квоталардан ташқари тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланиши мумкин бўлган хорижликларни аниқлайди.
Шунингдек, ИИВ Меҳнат вазирлиги билан келишган ҳолда Россияда вақтинча бўлиб турган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нафақат рухсатнома берилган ҳудудда, балки бошқа субъектларда ҳам ишлашга рухсат бериш ҳуқуқини олди. Бунда ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳисобга олинади.
Қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб 180 кун ўтгач кучга киради.



