Қирғизистонда келаётган иситиш мавсумида электр энергиясини режали равишда навбатма-навбат ўчиришлар бўлмайди. Бу ҳақда Энергетика вазири Олтинбек Рисбеков маълум қилди, дея хабар беради «Кабар» нашри.
Вазирнинг сўзларига кўра, қишга тайёргарлик жараёнида ҳукумат аҳолини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаш учун барча чораларни кўрмоқда. Шу билан бирга, Рисбеков электр тармоқларида авариявий узилишлар бўлиши мумкинлигини истисно қилмади. Бироқ, уларни тезкор бартараф этиш учун махсус бригадалар тайёрланган ва кучайтирилган иш режимига ўтказилган.
Вазир мамлакатда ҳар куни электр энергиясидан тежамкор фойдаланиш ва белгиланган истеъмол лимитларига риоя этилишини назорат қилиш ишлари олиб борилаётганини айтди. Натижада апрель–май ойларида умумий истеъмол режалаштирилган кўрсаткичлардан 91,8 млн кВт·соатга, яъни 4,3 фоизга кам бўлган.
Январь–май ойлари якунларига кўра, Қирғизистонда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошган. Умумий ишлаб чиқариш 6,2 млрд киловатт-соатни ташкил этган ёки режанинг 105 фоизи бажарилган. Электр энергиясининг асосий қисми гидроэлектр станциялар (ГЭС) томонидан ишлаб чиқарилган — улар 4,6 млрд кВт·соатдан ортиқ электр энергияси етказиб берган. Бишкек иссиқлик электр марказида (ИЭМ) эса 1,1 млрд кВт·соатдан зиёд электр энергияси ишлаб чиқарилиб, режа 103 фоизга бажарилган. Бундан ташқари, кичик ГЭСлар 73 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарган ва улар ҳам белгиланган кўрсаткичлардан юқори натижа қайд этган.
Қирғизистон ички захиралар билан бир қаторда ташқи етказиб беришларга ҳам умид қилмоқда. 2026 йил учун 4 млрд 99 млн кВт·соат ҳажмида электр энергияси импорт қилиш бўйича келишувлар тузилган.
Рисбеков таъкидлашича, куз-қиш даврини барқарор ўтказишнинг асосий омили ёқилғи захиралари бўлади. Республикада 3,4 млн тонна кўмир захира қилиш режалаштирилган. Унинг асосий қисми — 1,5 млн тоннаси Бишкек иссиқлик электр маркази (ИЭМ) учун мўлжалланган. Бу ҳажмга импорт қилинадиган ва маҳаллий юқори калорияли кўмир навлари ҳам киради. Аҳоли учун 1,48 млн тонна, бюджет муассасалари учун эса 319 минг тонна кўмир етказиб берилади.
Бундан ташқари, мамлакат бўйича 45,5 минг тонна мазут захира қилинади. У Бишкек ва Ўшдаги иссиқлик таъминоти объектларига, шунингдек, муниципал иссиқлик тармоқларига йўналтирилади.
Ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб бериш бўйича музокаралар ҳам давом этмоқда. Қирғизистон бу борада Беларусь, Эрон ва Туркманистон билан музокара олиб бормоқда, Ўзбекистондан жавоблар олинган, аммо тафсилотлар келтирилмаган.



