Ўзбекистонда АЭС ходимлари учун мўлжалланган моношаҳар ҳудуди икки бараварга кенгайтирилади

Ўзбекистондаги АЭС лойиҳаси. sputniknews.uz сайти фотосурати

Жиззах вилоятида атом электр станцияси (АЭС) ходимлари учун қурилиши режалаштирилаётган атомчилар шаҳарчасининг майдони 100 гектардан 200 гектаргача кенгайтирилади. Тегишли лойиҳа 2 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди ва унинг маъқулловини олди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

200 гектарлик ҳудудда қарийб 33 минг нафар аҳолига мўлжалланган 10 мингта хонадондан иборат энергия тежамкор кўп қаватли уйлар барпо этилади. Биринчи босқичда 3 мингта хонадон қуриш режалаштирилган.

Мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, спорт ва маданият объектлари бинолари ҳам энергиявий тежамкор бўлади. Қурилиш жараёнида замонавий иссиқлик изоляцияси технологиялари, муқобил энергия манбалари ва «ақлли» ёритиш тизимларидан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Тақдимотда таъкидланишича, умумий қиймати 9,5 миллиард долларга баҳоланаётган интеграциялашган АЭС лойиҳаси 2026 йил 4 июнда фаол қурилиш босқичига кирган. Ҳозирги вақтга келиб реактор биноси учун котлован қазиш ишлари тўлиқ якунланган, 1 миллион куб метрдан ортиқ тупроқ чиқарилди. Фундамент плитаси участкасида 916 куб метр бетон ётқизилган. Қурилиш-монтаж базаси ҳудудида 100 гектар майдонда ер ишлари бажарилган. Айни пайтда қурилиш майдонида 450 нафар ишчи ва мутахассис, шунингдек, 100 дан ортиқ махсус техника воситаси ишламоқда.

Президент лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улушини етарли эмас, деб ҳисоблади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич 21 фоизни (1,9 миллиард доллар) ташкил этади. У ушбу кўрсаткични камида 30 фоизга етказиш, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини миллий корхоналар томонидан бажарилишини таъминлаш ҳамда 7000 нафар маҳаллий ишчи ва мутахассисни жалб этиш бўйича топшириқ берди.

Бунинг учун Фориш туманидаги 200 гектар ер майдонида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зонасини ташкил этиш таклиф қилинди. У ерда камида 100 та қўшма корхона жойлаштириш ва технологиялар трансфери орқали 15 та йўналиш бўйича маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режалаштирилмоқда. Мирзиёев йил якунига қадар зона иштирокчиларига солиқ ва божхона имтиёзларини бериш бўйича қарор лойиҳасини киритишни топширди.

Қурилиш сифати ва хавфсизлиги сўзсиз устувор вазифа бўлиб қолиши, барча ишлар Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) талаблари ва халқаро стандартларга тўлиқ мувофиқ бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланди. Қайд этилишича, 2026 йил 22–26 июнь кунлари ХАЭАнинг комплекс баҳолаш миссияси бўлиб ўтди. Унинг якунларига кўра, Ўзбекистон миллий ядровий инфратузилмасининг ривожланиш даражаси юқори баҳоланган.

Станциянинг ташқи муҳандислик инфратузилмасини яратиш доирасида 388 километр электр тармоқлари, кучланиши 110 киловольт бўлган подстанция, ичимлик суви учун 21 километр ва техник сув таъминоти учун 120 километр қувур тармоқлари, шунингдек, 39,5 километр автомобиль ва 11 километр темир йўл қурилади. Давлат раҳбари ушбу объектларни қуришда маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини 60–70 фоиз даражасида таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Лойиҳани бошқаришни такомиллаштириш, техник назоратни кучайтириш ва технологик ечимларни мустақил экспертизадан ўтказиш мақсадида етакчи хорижий инжиниринг компаниялари иштирокида қўшма корхона ташкил этиш таклиф қилинди. Шунингдек, миллий тизимга мослаштириш ва соҳавий стандартларнинг қарийб мингтасини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

«Ўзатом» агентлиги ва АЭС қурилиши дирекцияси вазифаларининг кенгайишини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг ташкилий ва кадрлар салоҳиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Станцияни келгусида бошқарадиган юқори малакали операторлар, муҳандислар ва радиация хавфсизлиги бўйича мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ишларини ҳозирдан бошлаш зарурлиги таъкидланди.

2023 йилдан буён Россия Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиалини 216 нафар талаба тамомлади. Улардан 83 нафари Хитой, Венгрия, Франция, Италия ва Корея Республикасидаги етакчи олий таълим муассасаларининг магистратура ва докторантура дастурларида таҳсилни давом эттирмоқда. Яна 100 нафар мутахассис Ўзбекистондаги тўртта олий таълим муассасасида тайёргарликдан ўтмоқда.

ℹ️ Ўзбекистондаги биринчи АЭС Жиззах вилояти Фориш туманида, Тузкон кўли яқинидаги қарийб 525 гектар майдонда қурилмоқда. Лойиҳа Россиянинг «Росатом» корпорацияси иштирокида амалга оширилмоқда. У ҳар бири 55 МВт қувватга эга РИТМ-200Н реакторлари билан жиҳозланган иккита кичик энергоблок ва ВВЭР-1000 реакторларига эга иккита йирик энергоблок қурилишини назарда тутади. Мажмуанинг умумий қуввати 2,1 ГВтни ташкил этади. Энергоблокларни ишга тушириш 2029–2035 йилларга режалаштирилган.

2035 йилга келиб станция йилига 15,2 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда. Бу Ўзбекистондаги ҳозирги умумий электр энергияси истеъмолининг тахминан 15 фоизига тенг.

АЭСнинг биринчи энергоблоки қурилишига 2026 йил 4 июнь куни Ўзбекистон ва Россия президентлари иштирокида старт берилди. Август ойида Шавкат Мирзиёев иккинчи АЭС қурилишига тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ