Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси (ҚМДИ) маълум қилишича, Остона шаҳрида жойлашган республика даражасидаги бош масжидга расман янги ном — «Нурсултон масжиди» (қозоқча: «Нұрсұлтан мешіті») берилди.
Идора таъкидлашича, ушбу янги ном расмий тарзда қўлланилади. Масжид бундан кейин ҳам халқнинг маънавий ҳаётига хизмат қилиб, жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, анъанавий маънавий қадриятларни сақлаш ҳамда эзгу ташаббусларни ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Остонадаги республика бош масжиди қурилиши Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан бошланган бўлиб, у 2022 йил август ойида очилган. Бу масжид Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги энг йирик масжид ҳисобланади. Унинг асосий намоз зали 30 минг кишига мўлжалланган, атроф ҳудуди билан бирга мажмуа бир вақтнинг ўзида 120 минггача намозхонни қабул қила олади. Тўртта миноранинг баландлиги 130 метрга, бош гумбаз эса тахминан 90 метрга етади.
Масжид очилиш маросимида Нурсултон Назарбоев 2019 йил март ойида, президентлик ваколатлари тугашидан бир кун олдин, ушбу масжиднинг биринчи тошини қўйганини эслатиб ўтганди.
Масжид номи ўзгартирилгани ҳақида Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси 6 июль — пойтахт куни арафасида, шунингдек Нурсултон Назарбоевнинг туғилган куни билан бир вақтга тўғри келадиган санада маълум қилди. 2026 йили Қозоғистоннинг биринчи президенти 86 ёшни қаршилади.
Қозоғистоннинг собиқ дипломати Казбек Бейсебаев бу қарорга изоҳ бериб, Facebook’да шундай ёзди: «Бу, эҳтимол, асосчига унинг туғилган куни учун энг яхши совға бўлгандир. Энди унинг номи иймонли одамлар онгида эслаб қолинади». Унинг фикрича, бундай қадам Назарбоев сиёсий меросининг қайта тикланаётганини кўрсатади.
«Умуман олганда, асосчи ва унинг иши яна қайтмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, бу парламент сайловлари арафасида ва Учинчи Қозоғистонга ўтишдаги дастлабки қадамлар даврида содир бўлмоқда», — дея қўшимча қилади собиқ дипломат.
Қантар — 2022 йил январь воқеаларидан олдин Қозоғистонда биринчи президентнинг туғилган кунлари кенг нишонланар, Нурсултон Назарбоев эса мамлакат ҳаётидаги асосий сиёсий фигуралардан бири бўлиб қолган эди. Кўплаб экспертлар ва кузатувчилар мавжуд тизимни Назарбоев шахсига сиғиниш (культ) сифатида таърифлашган.
Бироқ, 2022 йил январдаги тартибсизликлардан сўнг Нурсултон Назарбоев барча лавозимларидан айрилди ва амалда Қозоғистоннинг ички ҳамда ташқи сиёсатида иштирок этишни тўхтатди. 2023 йил бошида унга берилган кафолат ва имтиёзлар, шунингдек, барча фахрий мақомлар, жумладан “елбасы” (миллат етакчиси) унвони ҳам бекор қилинди.
Унинг оила аъзолари ва яқин атрофидаги бир қатор шахслар жиноий таъқибга учради, бошқалари эса давлат лавозимларидан четлатилди. 2019 йилда Назарбоев номи билан Нур-Султон деб қайта номланган пойтахт эса аввалги номи — Остонага қайтарилди.
Ўтган йили Назарбоев 85 ёшлик юбилейини нишонлади, бироқ мамлакатда бу муносабат билан ҳеч қандай расмий тадбирлар ўтказилмади.



