Ўзбекистон ҳукумати афғон тадбиркорлари учун «яшил йўлак» ташкил этишга розилик берди. Бу йўлак уларга республикадаги халқаро авиақатновлар тармоғидан фойдаланиш имконини яратади. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz».
«Бу нимани англатади? Бу — биздаги халқаро авиақатновларимиздан фойдаланиш ҳуқуқидир. Бунга розилик берилди, энди комиссия тузилади», — деб қўшимча қилди ҳоким.
«Яшил йўлак» афғон бизнесменларига Ўзбекистон орқали ўз юкларини халқаро авиарейслар билан учинчи давлатларга соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш имконини беради.
Косимовнинг сўзларига кўра, масала 1 июль куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган, Трансафғон темир йўли логистика тизимидаги муаммолар ва ечимларга бағишланган йиғилишда муҳокама қилинган. Йиғилишда чегараолди логистикасини ривожлантириш, солиқ ва бошқа имтиёзларни жорий этиш, шунингдек, логистика маркази учун ер майдонларини ажратишни назарда тутувчи янги қарор лойиҳаси кўриб чиқилган.
«Афғонистон билан чегарамизда бор-йўғи 4 та йўлак бор эди — уларнинг сони 12 тага етказилди. Ўтказувчанлик қуввати 350−400 та юк машинасини ташкил этган бўлса, энди у 1000−1200 тага оширилди. Вагон ташиш бўйича кўрсаткич кунига 250 тадан деярли 500 тагача ўсди», — деди Улуғбек Қосимов.
Ҳоким, шунингдек, дарё порти орқали юк ташувлар ҳажми ўсганини таъкидлади.
«Ўтган йили дарё порти орқали 250 минг тоннадан ортиқ юк ташилган бўлса, жорий йилнинг олти ойида бу кўрсаткич 220 минг тоннани ташкил этди, бу қарийб икки баробар кўпдир», — деди ҳоким.
Унинг сўзларига кўра, логистика хизматларига бўлган талаб ҳам хорижий инвесторлар, ҳам маҳаллий тадбиркорлар томонидан ортиб бормоқда.
«Айнан шу қарор билан бир қатор имтиёзлар берилмоқда, ер ажратилмоқда. Марказни ташкил этиш учун айнан чегараолди ҳудудидан 50 гектар ер ажратиляпти. Шунингдек, биз афғон тадбиркорлари ва ўзимизнинг логистика компаниялари талаблари бўйича илтимосномалар киритдик ва улар тўлиқ қаноатлантирилди», — деди ҳоким.
Йиғилишда шунингдек Афғонистондан маҳсулотларни реэкспорт қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ҳоким ушбу мамлакатда катта миқдорда органик маҳсулот етиштирилишини таъкидлади.
«Уларни сотиш жараёнида юзага келаётган муаммолар бўйича таклифлар киритдик. Улар ҳам тўлиқ қўллаб-қувватланди, комиссия тузилади», — деди Косимов.
Таъкидлаш эоиз, президент матбуот хизмати 1 июль куни Мирзиёевга транспорт-логистика тизимини ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тақдимоти ўтказилгани ҳақида хабар берган эди. Косимов айнан шу йиғилишни назарда тутганми ёки алоҳида учрашув бўлганми — бунга аниқлик киритилмаган.
Тақдимотда Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани «Трансафғон коридорининг дарвозаси» сифатида белгиланиши ва у Хитой — Марказий Осиё — Трансафғон коридори — Покистон транспорт йўналишига йўналтирилиши айтилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилдан бошлаб Ўзбекистонда «Термиз» халқаро савдо маркази (ХСМ) фаолият юритмоқда. У Афғонистон билан товар айланмасини йилига 3 миллиард долларга етказиш чораларидан бири сифатида очилган. ХСМ Сурхондарё вилояти ҳудудидаги «Айритом» эркин иқтисодий зонасида жойлашган. Хорижий фуқаролар марказ ҳудудида Ўзбекистонга кириш визасисиз 15 кун давомида бўлиши мумкин. Афғонистон ва Покистон фуқароларига эса ХСМ ҳудудида дўконлар ва бошқа иншоотларни ижарага олиш ҳамда мулк сифатида харид қилишга рухсат берилган.
2026 йил февраль ойида Ўзбекистон ва Афғонистон товар айланмасини 5 миллиард АҚШ долларига етказишга келишиб олди. Ўшанда сўнгги беш йил ичида икки томонлама савдо ҳажми 2,5 баробар ошгани, яъни 2021 йилдаги 653 миллион доллардан 2025 йилда 1,7 миллиард долларгача кўпайгани қайд этилганди.



