Олмаотада Рус православ черковининг собиқ руҳонийси Иаков Воронцов ҳибсга олинди

masa.media.ru сайти фотосурати

Рус православ черковининг собиқ руҳонийси Иаков Воронцов Олмаотада «гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш учун жой ташкил қилиш»да айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Masa Media нашрига шаҳар полиция депортаменти хабар берган.

«1986 йилда туғилган эркак гумон қилиниб ҳибсга олинди. Тинтув пайтида кукун шаклидаги моддалар мусодара қилинди. Тиббий текширувлар улар гиёҳванд моддалар сифатида истеъмол қилинганини тасдиқлади», — деди полиция ва тергов давом этаётгани ва «бунга дахлдор барча шахслар ва ноқонуний фаолият ҳолатлари аниқланаётганини» қўшимча қилди.

Иаков Воронцов — Рус православ черковининг Остона ва Олмаота епархиясининг собиқ иеромони. У 2023 йили Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий операцияси ва Рус православ черкови раҳбариятини танқид қилганидан сўнг кенг оммага танилган. Кейинчалик у диний унвони ва лавозимидан четлаштирилган. Унга шунингдек, нафратни қўзғатиш бўйича айблов қўйилган, аммо далиллар етарли бўлмагани сабабли тергов тўхтатилган.

Сўнгги йилларда Воронцов Қозоғистонда Москва Патриархатига бўйсунмайдиган православ черковини ташкил этишга уринмоқда. У икки марта Адлия вазирлигига диний бирлашмани рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат қилган, аммо иккала сафар ҳам рад жавобини олган. Куни-кеча у бу қарорга қарши судга шикоят аризаси киритгани маълум бўлган.

UPD: Олмаотадаги маъмурий суд Яков Воронцовни 10 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. У Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг 440-1-моддаси бўйича гиёҳванд ва психотроп моддаларни тиббий мақсадларда ишлатмаганликда айбдор деб топилган. Бу ҳақда унинг адвокати Галим Нурпеисов «Власть» нашрига маълум қилди.