Қозоғистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар энг юқори даражада. Бу ҳақда 9 январь куни АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Жули Стаффт ишонч ёрлиғини топширгандан сўнг таъкидлади, деб хабар беради «КазИнформ».
«Бугун президент Қосим-Жомарт Тўқаевга ишонч ёрлиғини топширганимдан жуда мамнунман. Қозоғистонда бўлиш мен учун катта шараф ва катта завқ бағишлайди. Америка Қўшма Штатлари ва Қозоғистон ўртасида жуда узоқ муддатли ва мустаҳкам муносабатлар мавжуд. Қўшма Штатлар Қозоғистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат ва бугун ҳамкорлигимиз ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам. Муносабатларимиз тарихда энг юқори даражада», — дея Жули Стаффт сўзларини келтиради агентлик.
Элчи Қўшма Штатлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан мамнун эканини таъкидлади. «Президентлар Қосим-Жомарт Тўқаев ва Дональд Трамп жуда яқин муносабатда ва мунтазам равишда мулоқот қилиб туришади. Президент Тўқаев ноябрь ойида Вашингтонга ташриф буюрди, яқинда президент Трамп билан яна суҳбатлашди ва келгусида яна Қўшма Штатларга ташриф буюради. Биз бу муносабатлар динамик равишда ривожланишда давом этишига чин дилдан умид қиламиз», — дея таъкидлайди дипломат.
«Олдимизда ҳали кўп ишлар турибди», — дея хулоса қилди у.
Стаффт ўзи ва оиласи «бу гўзал мамлакат ва унинг халқини яхшироқ билишдан, Қозоғистон маданияти ва ҳаёти ҳақида кўпроқ билишдан жуда мамнун» эканини қўшимча қилди. «Бу ерда бўлганимиздан чин дилдан хурсандмиз», — деди у.
Жули Стаффт 2025 йил 7 октабрда АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси этиб тасдиқланди. Бунгача у Президент ёрдамчиси ўринбосари ва Миллий хавфсизлик кенгаши ижрочи котиби лавозимларида ишлаган. 2025 йил апрель ойида у ахборот таснифи бўйича Идоралараро апелляция комиссияси раиси этиб тайинланган. Бунгача у Консуллик ишлари бюросида ишлаган ва шунингдек, Россия, Эфиопия ва Польшадаги дипломатик ваколатхоналарда хизмат қилган.
2023 йили президент мукофотига сазовор бўлган, бу эса ўз навбатида федерал фуқарога бериладиган энг юқори мукофот саналади.
9 январь куни Оқўрда президент Тўқаев АҚШ ва Болгария элчиларининг ишонч ёрлиқларини қабул қилганини маълум қилди. «Биз кўплаб соҳаларда стратегик шериклигимизни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз», — деди маросимда Қозоғистон раҳбари Жули Стаффтга мурожаат қиларкан.



