Қозоғистон Транспорт вазирлиги: AZAL самолёти жанговар каллак компонентлари томонидан шикастланган

AZAL самолёти қулаган жой. Азамат Сарсенбаев фотосурати

Қозоғистон Транспорт вазирлиги Актау яқинида Azerbaijan Airlines (AZAL) самолётининг ҳалокатга учрашига оид ўтказилган текширувларнинг оралиқ ҳисоботини эълон қилди. Хабарга кўра, самолёт жанговар каллак компонентлари томонидан шикастланган деб тахмин қилинмоқда. Бироқ, уларнинг келиб чиқишини аниқлашнинг иложи бўлмаган.

Самолётнинг гидравлик тизим линиясини бир қисми тўлиқ шикастланган, бу «темир металл қотишмасидан (пўлат асосида) ясалган металл парчалари (ташқи объектлар) туфайли юзага келган бўлиши мумкин», дейилади ҳисоботда. Шунингдек, мутахассислар текширилган бегона металл буюмларда портловчи моддалар излари топилмаганини таъкидлашган.

Текширувлар ҳали якунланмаган — бу ҳисобот якуний эмас. Бугунги кунга қадар мутахассислар экипаж, парвоз, об-ҳаво, ҳаво ҳаракатини бошқариш диспетчерлари ва самолётнинг техник ҳолати ҳақидаги маълумотларни кўриб чиққанлар. Улар иккала «қора қутини» ҳам тўлиқ ўрганишган — бирида парвоз маълумотлари, иккинчисида кабинадаги суҳбатлар қайд этилган. Терговчилар ҳалокат жойини синчковлик билан текширганлар, самолёт қолдиқлари жойлашган жойни расмийлаштириб, уларни қўшимча ўрганиш учун олиб кетишган.

Мутахассислар шунингдек, самолёт бортидаги техник хизмат кўрсатиш компьютеридан маълумотларни ўқишга ҳаракат қилишган. Бироқ, термик таъсир туфайли Марказий техник хизмат кўрсатиш компьютерининг кассетасидан маълумотларни чиқариб олишнинг имкони бўлмаган. Маълумотларни олиш учун Америка хотира карталари ишлаб чиқарувчиси Delkin Devices Inc. билан боғланиш тавсия қилинган. Хабарга кўра, Қозоғистон томони ҳозирда Америка компанияси заводида таҳлил ўтказиш учун АҚШ вакили билан музокаралар олиб бормоқда.

Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясининг Embraer 190 самолёти 25 декабрь куни ҳалокатга учраган. Самолёт Бокудан Грознийга йўл олган, аммо хабарларга кўра, Чеченистон пойтахтига қўна олмаган. Самолёт фалокат сигналини юборганидан сўнг, орқага бурилиб, Қозоғистоннинг Актау шаҳри томон учиб кетган. Самолёт аэропортдан 3 километр узоқликда ҳалокатга учраган. Натижада самолёт бортидаги 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган. Улар орасида Озарбайжон, Қозоғистон ва Россия фуқаролари бор бўлган.

Авариядан сўнг, унинг сабаби ҳақида турли хил версиялар илгари сурилди, жумладан, қуш урилишидан тортиб, самолётга берилган ташқи таъсиргача. Декабрь ойи охирида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Москва ҳалокат сабабини яширишга уринаётганини айтганди. У самолёт электрон уруш воситалари ёрдамида ишдан чиқарилганини ва ердан ўққа тутиш оқибатида (бу пайт Грознийда Украина дронларига қарши ҳужум уюштирилган бўлган) ҳаво кемасининг қуйруқ қисмига жиддий зарар етказилганини таъкидлаганди.

Қозоғистон Транспорт вазирлиги қошида ҳалокатни текшириш учун комиссия тузилди. Терговга Озарбайжон, Россия ва самолёт ишлаб чиқарувчи Embraer мутахассислари жалб қилинди.

2025 йил февраль ойида Қозоғистон Транспорт вазирлиги текширувлар бўйича дастлабки ҳисоботни эълон қилди. Ҳисоботда ҳалокат сабаби бўйича ҳеч қандай аниқ хулосалар берилмаган. Ҳисоботда кема корпусида тешиклар, шунингдек, бегона металл буюмлари топилгани ва улар экспертизага юборилгани ҳақида маълумотлар келтирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ