Қарағандалик фуқаро ижтимоий тармоқларда қозоқларни ҳақорат қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Алика Мухамадиева. Видеодан кадр

Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳри суди 23 ёшли тадбиркор аёл Алика Мухамадиевани ижтимоий тармоқларда мусулмонлар ва қозоқлар ҳақида ҳақоратли баёнотлар бергани учун уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар беради Kursiv.kz нашри.

Мухамадиева Қозоғистон Жиноят кодексининг 174-моддаси 1-қисми («Ижтимоий, миллий, қабилавий, ирқий, синфий ёки диний нафратни қўзғатиш») бўйича айбдор деб топилган. Суд унинг ёш фарзанди борлиги сабабли жазони икки йилга кечиктирган.

Судланувчи ўз айбини тўлиқ тан олган ва пушаймон бўлганини айтган. Ҳукм ҳали кучга кирмаган.

Ишга аёлнинг Threads ижтимоий тармоқ сайтидаги постлари сабаб бўлган, у ерда аёл «Қозоғистон нимаси билан машҳур?» деган саволга «мамбетлари билан» деб жавоб берган. Бошқа постларда Мухамадиева мусулмонларни «чўчқалар» ва қозоқ тилини «ярим калбит лаҳжаси» деб атаган. Унинг баёнотлари баҳс-мунозараларга сабаб бўлганидан сўнг, Мухамадиева мамлакатдан қочишга уринган, аммо ҳибсга олинган.

У июль ойидан бери судгача ҳибсда сақланган. Суд жараёни 14 октябрда бошланган.

Мазкур иш бўйича суд мажлисларидан бирида тадбиркор аёл ўзининг хатти-ҳаракатларини оғир эмоциал ҳолати билан тушунтирган. У ҳақоратли изоҳларни ёзишдан олдин бувисининг ўлимини бошдан кечиргани ва автоҳалокатга учраганини айтган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ