Қозоғистон Бош прокуратураси Назарбоев жиянининг активларини яна бир бор текширади

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Бош прокуратураси Болат Назарбоевнинг ўғли ва Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Нурбол Назарбоев активларини текширмоқда. Бу ҳақда назорат органи раҳбари Берик Асилов парламент сўровига жавобан маълум қилди, деб хабар беради Tengrenews.kz.

Бир ой олдин Мажилисмен (Қозоғистон парламенти қуйи палатаси депутати) Ринат Зайит Нурбол Назарбоев судлар томонидан 57 миллиард тенге (106 миллион доллар) қийматидаги активлардан маҳрум қилинганини ва унинг барча банк ҳисоблари музлатилганини эълон қилганди. Зайит шунингдек, Болат Назарбоевнинг бозорларга рейдер ҳужуми уюштириши мумкинлиги ва унинг оиласига тегишли «яширин активлар» мавжудлиги ҳақида гапириб, инвентаризация ўтказилишини, ноқонуний активларни аниқлашни ва уларни давлатга қайтаришни талаб қилди.

1 октябрь куни депутат Ермурат Бапи шунга ўхшаш илтимос билан мурожаат қилиб, Нурбол Назарбоевга қарши жиноий ишни қайта очишни талаб қилган. У қарағандалик бизнесмен Куат Ерментаевнинг собиқ президентн жияни томонидан унинг мулкига рейдерлик босқини уюштирилгани бўйича мурожаат қилганини маълум қилган.

Ушбу сўровларга изоҳ берар экан, Бош прокурор «қонун доирасидаги иш унда кўрсатилган шахсларни қамраб олишини» таъкидлади.

«Бироқ, қонуннинг 8-моддаси 3-бандига мувофиқ, ваколатли орган ва активларни қайтариб олиш комиссияси аъзолари олинган маълумотлар хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлашга мажбурдирлар. Сиз тақдим этган маълумотлар активларни ноқонуний олиб қўйиш ва уларни қайтаришда ҳисобга олинади», — деди Берик Асилов.

Нурбол Назарбоев — Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси Болат Назарбоевнинг ўғли. У илгари прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлаган. У шунингдек, бизнес билан ҳам шуғулланади. Forbes маълумотларига кўра, у «Prime Capital Invest» МЧЖ ва «Prime Capital Holding» МЧЖга эгалик қилади.

2023 йил 12 июлда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев «Ноқонуний йўл билан қўлга киритилган активларни давлатга қайтариш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Қонун кучга кирганидан бери 1,3 триллион тенге (2,4 миллиард доллар) қийматидаги активлар давлатга қайтарилган. Шундан 750 миллиард тенге (1,4 миллиард доллар) ихтиёрий равишда, 103 миллиард тенге (191 миллион доллар) эса мулк кўринишида. Қолган активлар мажбуран қайтарилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ