Россия ва Қозоғистон чегарасида минглаб юк машиналари туриб қолди

Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Россия Федерацияси ва Қозоғистон чегарасида рекорд даражада юк машиналари тирбандлиги пайдо бўлди, деб хабар беради Россиянинг Business FM радиостанцияси Telegram-канали.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 5 мингга яқин юк машиналари Россия томонидан назорат пунктларида ўз навбатида кутмоқда. Қозоғистон томонида бундан-да кўп, дейилади хабарда. Тирбандлик сабабалари расман хабар қилинмаган.

Радиостанцияга москвалик Алексей исмли якка тадбиркор мурожаат қилган ва Хитойдан олиб келинаётган товарлари деярли бир ҳафтадан бери Қозоғистон чегарасида ушланиб қолганини айтган. «Билишимча, 10-11 сентябрдан бошлаб фуралар ҳаракатланмасдан туриб қолган. Улар чегарада яна қанча вақт туриши ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Биламанки, кўп километрли навбатлар ҳосил бўлган. Қандайдир текширувлар ўтказиляпти, лекин аниқ маълумот йўқ. Орадан бир ҳафта ўтди. Бунгача ҳар битта фура 10-15 дақиқадан текширилаётган эди», — деган у.

Логистика компанияларининг таъкидлашича, энг катта тирбандликлар Қозоғистон билан чегарадош Челябинск вилоятидаги Бугристое, Олтой ўлкасидаги Веселоярск ва Курган вилоятидаги Петухово пунктларида кузатилмоқда.

Бизнес деярли бир ҳафта давомида расмий маълумотларга эришишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирча ҳаммаси миш-мишлар даражасида — режадан ташқари текширувлар ўтказилаётгани, тирбандликлар камида 10-20 кун давоми этиши ҳақида, дея хабар беради радиостанция.

«ТрансАзия Логистикс» директори Кирилл Латинский Business FMга берган изоҳида асосан Россияга йўл олган йиғма юклар текширилаётгани ва унинг эҳтимолига кўра, гап Хитойдан ноқонуний импортга қарши кураш кетаётгани ҳақида эканини таъкидлаган.

«Яна бир нюанс шундаки, Қозоғистон ҳукумати мамлакатдан Россияга транзит орқали кетаётган юкларнинг деярди 99 фоизини текширмоқда. Санкция рўйхатидаги икки мақсадли товарлар, техника, электроника товарларини қидиришмоқда», — дея қўшимча қилган у.

РФ ва Қозоғистон чегарасидаги улкан тирбандлик ҳақида 18 сентябрь куни Mash Telegram-канали ҳам хабар берди. Унга кўра, Хитойдан Москвага йўл олган юклар уч кундан бери туриб қолган. «Тирбандлик сабаби — божхона контрафакт товарларни текширяпти: фураларда электроника, тамаки ва электрон сигаретлар борлиги кўздан кечирилмоқда», — дейилади хабарда.

Қозоғистон чегарасида охирги марта тирбандлик шу йилнинг июнь ойида юз берганди. Ўшанда чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган оддий фуқароларда муаммолар пайдо бўлганди. Бунга ёзда анъанавий равишда кўпайиб бораётган сайёҳлик оқими, шунингдек, 30 июнь куни бошланган Россия Федерациясига киришнинг янги қоидалари таъсир кўрсатганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ