Қозоғистонда ички ёқилғи-мойлаш материаллари бозоридаги вазият барқарорлигича қолмоқда, тақчиллик учун асослар йўқ. Республика Энергетика вазирлиги бу ҳақда сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мамлакатда ёқилғи инқирози юзага келиши хавфи ҳақидаги нашрларга жавобан шундай баёнот берди.
«Қозоғистон ўзини асосий турдаги ёқилғи турлари ўзида ишлаб чиқарилаётгани ҳисобига тўлиқ таъминлайди. Бензин ва дизел ёқилғисининг жорий захиралари мамлакат эҳтиёжларини, жумладан, истеъмолнинг мавсумий ўсишини қоплайди», — дея вазир маслаҳатчиси, Энергетика вазирлиги расмий вакили Асел Серикпаеванинг сўзларидан иқтибос келтиради Tengrinews.kz нашри.
У ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида четга ёқилғи-мойлаш материалларини автомобил транспортида олиб чиқишга қўйилган тақиқ амал қилаётганини эслатиб ўтди.
«Ваколатли органлар томонидан чегараларда назорат кучайтирилган. Энергетика вазирлиги ҳудудлардаги вазиятни ҳар куни кузатиб боради ва керак бўлса, истеъмолчиларни узлуксиз таъминлаш учун ресурсларни тезкор равишда қайта тақсимлашга тайёр», — дея хулоса қилади Серикпаева.
Шу тариқа, Энергетика вазирлиги шу йилнинг кузида Қозоғистонда ёқилғи қуйиш шохобчаларига бензин етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги нашрларга муносабат билдирди. Муаллифлар бу ҳолатнинг бир нечта сабабларини айтиб беришган. Улар орасида қўшни давлатларга, биринчи навбатда, ёқилғи инқирози кучайиб бораётган Россияга бензиннинг ноқонуний экспорти ҳам бор. Хусусан, бу ҳақда нефть-газ соҳаси таҳлилчиси Нурлан Жумагулов ўзининг Energy Monitor Telegram-каналида ёзган.
Нефть ва газ соҳаси эксперти Олжас Байдилдинов, ўз навбатида, Қозоғистондан ёқилғи контрабандаси қўшни давлатлар билан нархларнинг кучли фарқи (Қозоғистондаги бензин ЕОИИда энг арзон бўлиб қолмоқда) туфайли авж олаётганига эътибор қаратган. «Қозоғистон чегарасидан ўтаётганда автомобил йўллари бўйлаб 5 литрли шишаларда сотилаётган Қозоғистон ёқилғисини кўриш мумкин», — деб ёзади у.
Эҳтимолий тақчилликнинг яна бир сабаби, Атирау нефтни қайта ишлаш заводининг 1 октабрдан 25 октабргача режали таъмирланиши бўлди. Аммо Энергетика вазирлиги бу таъмирлаш «ишлаб чиқариш ва тақсимлаш балансида олдиндан ҳисобга олинган»ига урғу беради. Атирау нефтни қайта ишлаш заводидаги ресурсларни қоплаш учун зарур ҳажмлар бўйича шартномалар тузилган ва бошқа заводлардан жўнатилмоқда, деб таъкидлайди вазирлик ва улар энг йирик ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоқлари билан доимий алоқада эканлигини қўшимча қилади, бу эса етарли захиралар ва мунтазам етказиб беришни тасдиқлайди.
Бироқ, «Уральская неделя» нашри 15 сентябрь куни Уральскдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин тақчиллиги сезила бошлагани ҳақида хабар берди. Нашрга ёқилғи қуйиш шохобчалари ходимлари камроқ ёқилғи етказиб берилаётганини маълум қилишган. Шунингдек, нашр ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирида машиналар навбати акс этган суратни ҳам эълон қилди.
Nur.kz сайти эса 16 сентябрь куни машҳур АИ-92 бензини Қозоғистонда бир ҳафтадан камроқ вақт ичида икки баравар қимматлашгани ҳақидаги хабарни чоп этди.