Олимлар Туркманистондаги «Дўзах дарвозаси» ёниш интенсивлигини уч баробар камайтиришга муваффақ бўлишди

Дарваза. techinsider.ru сайти фотосурати

Қорақум чўлидаги Дарваза газ кратери (норасмий номи – «Дўзах дарвозаси») ёниш интенсивлиги туркман мутахассислари томонидан уч баробарга пасайтирилди. Бу ҳақда «Туркмангаз» концерни Табиий газ илмий-тадқиқот институти (ИТИ) лаборатория раҳбари Ирина Лурьевага таяниб, РБК хабар берди.

Мутахассиснинг тегишли баёноти «Углеводород конларини ўзлаштиришда инновацион технологияларни жорий этишнинг экологик жиҳатлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда тилга олинди.

«2023 йил августига нисбатан кратернинг уюштирилмаган ёниш интенсивлиги уч баробардан кўпроқ камайди, бу эса кўрилган чора-тадбирлар самарадорлигини тасдиқлайди. Бунга газ қазиб олиш фаоллаштирилгани ҳисобига эришилди. Фильтрлаш оқими назоратга олинди, ҳозирда ёнаётган кратерга газнинг сизиб келиши аста-секин камайиб бормоқда», — деди Лурьева.

Кратер республиканинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг буйруғи билан ўчирилмоқда. У 2010 йили мазкур масалани ҳал қилишни талаб қилганди, чунки унга кўра, бу объект яқин атрофдаги газ конларини ўзлаштиришга халақит бериши мумкин. Аммо уни тугатиш тўғрисидаги якуний қарор 2022 йили қабул қилинган. Ўчириш лойиҳаси 2023 йилнинг ёзигача ишлаб чиқилган.

ℹ️ Кратер 1971 йили совет геологлари томонидан топилган табиий газ тўпланган жойда пайдо бўлган. Қудуқни бурғулаш пайтида ер қатлами ўпирилиб, тупроқ газга тўла туйнукни ҳосил қилган ҳолда ер остидаги ғорга қулаган. Геологлар ёнғин охир-оқибат сўнишига умид қилиб, газга ўт қўйишга қарор қилишган. Аммо кратер ҳалиям ёнмоқда. Унинг диаметри 60 метр, чуқурлиги тахминан 20 метр. Оловли устунлар баландлиги 15 метрга етиши мумкин.

2004 йили Дарваза аҳолиси газ ёниш маҳсулотларининг атроф-муҳитга зарарли таъсири туфайли бошқа ерга кўчирилган. 2018 йили кратер расман «Қорақум ёғдуси» номини олган, бироқ объект «Дўзах дарвозаси» номи билан машҳур.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ