АҚШ Жексон-Веник тузатмасини Марказий Осиё билан муносабатлардаги «ўтмиш сарқити» деб ҳисоблайди

Видеодан скриншот

Дональд Трамп бошчилигидаги янги Америка маъмурияти Қўшма Штатларнинг Жексон-Веник тузатмасини Марказий Осиё республикалари билан муносабатларда ўтмишнинг «сарқити» деб ҳисоблайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиблигига номзод Марко Рубио Сенатдаги тингловда маълум қилди.

Сенатор Стив Дейнс Рубиодан тузатма ҳақида сўраркан, уни бекор қилишни ўз фракцияси мақсадларидан бири эканини айтган, зеро Қозоғистон ва Ўзбекистон билан муносабатларни нормаллаштириш зарур. Бунга жавобан Рубио ушбу тузатмани «ўтмиш сарқити» деб атаган ва ундан Марказий Осиё давлатларига босим ўтказиш учун фойдаланиш энди маъносиз эканини таъкидлаган.

«Уни (тузатмани) инсон ҳуқуқлари соҳасида ён бериш ёки уларни [Марказий Осиё давлатларини] Россия ва унга ўхшаганлар билан эмас, балки биз билан қатъийроқ ҳаракат қилишга мажбурлаш учун босим дастаги сифатида сақлаб қолишни талаб қилаётганлар бор», — деб таъкидлаган Рубио. «Аммо, назаримда, айрим ҳолларда бу ўтмишнинг беъмани сарқитидир», — деган у.

Рубио Қозоғистонни тилга оларкан, республика бир неча йил аввал ЖСТ синовидан муваффақиятли ўтиб, бозор иқтисодиётига ўтганини тасдиқлаганини таъкидлаган.

«Ўйлайманки, биз сиз билан мазкур масала [тузатмани бекор қилиш] устида ишлаймиз, чунки мен ҳам буни муҳим деб ўйлайман», — дея у юзланган Дейнсга.

Республикачи Рубио 2011 йил январидан бери Сенат аъзоси. Конгресснинг юқори палатасида Флорида штати вакили. ТАСС таъкидлашича, Рубионинг давлат котиби лавозимига тасдиқланиши «деярли ҳал бўлган». Конгресснинг юқори палатасидаги Демократик фракция раҳбарияти ҳам уни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Жексон-Веник тузатмаси 1974 йили АҚШда қабул қилинган. Бу эркин эмиграцияга тўсқинлик қиладиган ва бошқа инсон ҳуқуқларини бузадиган давлатларга нисбатан савдо ва молиявий чекловларни жорий этишни назарда тутади. Бунга, жумладан, Қўшма Штатларга импорт қилинадиган товарларга бож ва йиғимларнинг оширилиши, шунингдек, давлат кредитлари ва кредит кафолатларини тақдим этишни тақиқлаш киради.

СССР парчаланганидан сўнг, тузатма таъсири автоматик равишда барча МДҲ мамлакатларига тарқалган. Қўшма Штатлар Россия, Украина, Қирғизистон, Арманистон, Грузия, Латвия, Литва, Эстония, Хитой ва бошқа қатор давлатларни мазкур тузатма таъсир доирасидан чиқарган.

Мустақилликка эришганидан бери Қозоғистон бир неча бор ушбу тузатма таъсиридан озод бўлишга ҳаракат қилган ва Ўзбекистон ҳукумати ҳам худди шундай ташаббус билан чиққан.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ