21 июль, душанба куни Олмаотадаги 1-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун кўчишдан бошланди — аввалроқ ваъда қилинганидан фарқли ўлароқ, болалар Қапчағай сув омбори қирғоғидаги Конаев кичик шаҳарчасига кўчирила бошланди, у ерда инвестор улар учун янги бино қурдирди. Муассаса болаларининг бир қисми бошқа жойга кўчишга қарши бўлган ва воқеа жойига полиция чақирилган. Оммавий ахборот воситаларида чоп этилган кадрларга қараганда, болаларга нисбатан куч ишлатилган, шундан сўнг президент бу ишга аралашган. Тафсилотлар «Фарғона» материалида.
Олмаотадаги 1-Меҳрибонлик уйи халқ орасида «Баганашил» номи билан машҳур. У худди шу номдаги микрорайонда — Олмаота шаҳрининг элит ҳудудларидан бири, Ал-Фаробий проспектида жойлашган. Ҳудудининг умумий майдони икки гектарга яқин.
Бу меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг кўчирилиши билан боғлиқ ташвишлар ўтган йил баҳорида бошланган. Ўшанда бир гуруҳ болалар Олмаота вилоятидаги «қамоқхона ва ботқоқ» ёнидаги янги муассасага кўчирилишидан норози бўлиб, президентга видеомурожаат қилишган. Меҳрибонлик уйи маъмурияти кўчишга 1960-йилларда қурилган бинонинг авария ҳолатини сабаб қилиб кўрсатган.
Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Динара Закиева мурожаатга жавоб берди. Олмаота вилояти ҳокими Марат Султонгазиев билан учрашувдан сўнг у 1-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига тегмасликларини, Нусипбаев номидаги мактаб-интернат тарбияланувчилари гўёки янги бинога юборилишига ишонтирган. Бироқ, июль ойида, болалар омбудсманининг ваъдаларига қарамай, Олмаота болалар уйи тарбияланувчиларини Конаевга юборишга қарор қилинади. Бу Олмаота вилояти таълим бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ойгул Маралбаева томонидан имзоланган буйруқдан келиб чиққан.
Ҳужжат билан «Вилоят махсус ижтимоий хизматларга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш маркази» давлат муассасасининг манзили расман ўзгартирилган. Янги манзил Конаев шаҳри, Д.А. Конаев шоҳ кўчаси, 33/4 уй. Август ойи охиригача болалар у ерга кўчирилиши, меҳрибонлик уйининг ҳозирги ҳудуди эса шаҳар балансига ўтказилиши режалаштирилган эди.
«Эски бино жисмонан эскирган, 1,8 миллиард тенгега (3,4 миллион доллар) капитал таъмирлаш лойиҳаси иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас деб топилди. Биз кўп ўлчаб, масъулиятли қарор қабул қилдик», — дейди Олмаота вилояти таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акмарал Атенбекова.
Конаевдаги янги меҳрибонлик уйи маълум бир хусусий инвестор томонидан ўз маблағи ҳисобидан қурилган – сармоя 4 миллиард тенгени (7,5 миллион доллар) ташкил этган.
Бино замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради, дея таъкидлайди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати: яшаш учун кенг хоналар, ўқув ва ўйин хоналари, спорт ва ижодий хоналар, ошхоналар, психологлар кабинетлари. Ҳамма нарса тарбияланувчилар ёши ва функционаллигига мослаштирилган. Муассаса янги турар-жой массивида, саноат объектларидан узоқда жойлашган.
Тўғри, инфратузилма объектлари ундан узоқда эканини жамоатчилик фаоллари қайд этишган.
«Бўлаётган воқеани шундоқ ҳам етим қолган болаларни бегона зонага кўчириш каби одатий ҳол деб биламан. У ерда коммуникация ёки ривожланган инфратузилма йўқ, лекин яқин атрофда тўртта ахлоқ тузатиш колонияси бор. «Болалар учун яхши қўшнилар», деб ўйлаган бўлса керак бизнинг мутасаддилар. Етим болаларга Олмаотанинг нуфузли ҳудуди нега керак, уларга қаерда яшашнинг нима фарқи бор? Баганашилда дарахтлар кесилиб ташланди, бир пайтлар гўзал бўлган ҳудудни шипшийдон қилишди. Нега бизда доимо болаларга шундай муносабатда бўлишади? Улар етим бўлишса, шундоқ ҳам ҳеч нарсаси йўқ уларнинг. Энди эса бошпасидан ҳам маҳрум қилишяпти», дея эътироз билдирди ижтимоий тармоқларда юрист Анна Чернова.
У Instagramда (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) 1-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг «ихтиёрий» кўчирилаётгани акс этган видеони жойлаштирди. Кадрларда ўндан ортиқ полициячи ҳовлида автобусга чиқишни истамаган болаларни ёқасидан ушлаб судраётганини кўриш мумкин. InformБЮРО хабарига кўра, полиция ходимларидан бири болалар ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик кодексининг 614-моддаси («Транспорт воситаларининг ҳаракатига тўсқинлик қилиш») бўйича баҳоланишини айтди. Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари оломонни куч билан кўчиришга ҳаракат қилган. Болалар ичидаги бир қизнинг тоби қочган, ҳушини йўқотган.
Tengrinews.kz хабарига кўра, болаларни қўллаб-қувватлаш учун жамоат фаоллари бинога етиб келишган. Улар орасида болалар ҳуқуқлари бўйича собиқ вакил Аружан Саин ҳам бу ҳолатни «хусусий муаммо эмас, давлатнинг зудлик билан аралашувини талаб қиладиган жамоат фожиасига айланиб бораётганини» таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, меҳрибонлик уйи капитал таъмирдан ўтиши керак бўлган, бироқ расмийлар «Астана Курылыс сервис» МЧЖнинг баъзи хулосаларига таяниб, бинонинг яроқсиз ҳолатда эканини ва уни қайта тиклаш мумкин эмаслигини таъкидлаб, буни амалга оширишдан бош тортган. «Бу ҳужжатни ҳеч ким кўрмаган ва биз унинг мавжудлигига ишончимиз комил эмас», — дейди Аружан Саин журналистларга.
Натижада президент Қосим-Жомарт Тўқаев вазиятга шахсан аралашиб, 1-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини Олмаотадан Конаевга кўчиришни бекор қилишни буюради. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Руслан Желдибай хабар берди.
Президент топшириғига кўра, Олмаота ҳокими Дархан Сатибалди жанубий пойтахтдаги болаларнинг таълим жараёнини давом эттириш учун меҳрибонлик уйи биносини таъмирлашни ташкил қилиши керак. Шунингдек, объект шаҳар балансига ўтказилади.
Мазкур вазият юзасидан Президент Администрацияси ички текширувни бошлади.
Дарвоқе, Қозоғистоннинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Динара Закиева президентнинг аралашувидан сўнг вазиятга ўз муносабатини билдириб, ҳаммаси ОАВ тақдим этганидан бошқача бўлганини айтди. Айтишларича, етим болалар эмас, Меҳрибонлик уйи қошида фаолият юритаётган Вояга етмаганларни мослаштириш маркази тарбияланувчиларини «кўчиришга уринишган».
«Марказда оғир турмуш шароити туфайли вақтинчалик жойлаштирилган ва вилоятнинг турли ҳудудларидан келган болалар истиқомат қилади», – дея тушунтирди у.
Омбудсманнинг сўзларига кўра, тегишли қарор баҳорда қабул қилинган ва кеча Олмаота вилояти таълим бошқармаси ўзининг расмий саҳифасида бу ҳаракатни тасдиқлаган. Бироқ, ҳокимлик кўчириш пайтида хавфсизликни таъминламаган, энди у бу иш билан шуғулланади. Маҳаллий вакил болалар ёнида. Закиеванинг айтишича, у ҳам болалар уйига борган. У нега аварияли ва болалар учун яроқсиз бўлиб қолган элита ҳудудидаги бино тўсатдан таъмирлашга яроқли бўлиб қолганини тушунтирмаган.
-
10 Июль10.07«Жамиятда тотувликни сақлаш учун»Қозоғистонда жамоат жойларида ниқоб кийиш тақиқланди
-
18 Июнь18.06Жанговор бўрининг ширин кулчасиМарказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида деярли ҳамма нарса яхши, бироқ ҳаммаси ҳам кундек ойдин эмас
-
11 Июнь11.06Газ ғавғосиҚозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди
-
27 Май27.05Кенесарихоннинг ҳаёти ва ўлимиСўнгги қозоқ хони инфомайдонни тарк этмаяпти
-
08 Май08.05Бу яқинда содир бўлгандиМарказий Осиё республикалари Иккинчи жаҳон урушидаги фожиали воқеаларни хотирлайди
-
08 Апрель08.04Диққат марказидаги Марказий ОсиёУйдан чиқмасдан туриб ҳам глобал ўйинчига айланиш мумкинлиги тўғрисида