Ўтган ҳафта Қозоғистон президенти жамоат жойларида юзни беркитувчи кийимларни кийиб юришни тақиқловчи қонунни имзолади. Ушбу ҳужжатда паранжи ёки ниқоб ҳақида сўз юритилмаган, аммо айнан унинг ёрдами билан расмийлар кўчаларда бундай кийим мос келадими ёки йўқми деган баҳсларга чек қўйди. Қонун бир ойдан камроқ вақт ичида қабул қилинди ва юзни яширувчи кийимларни тақиқлаш фақат қонунни кўриб чиқишнинг якуний босқичида киритилган. Шу тариқа, расмийлар кераксиз муҳокамалардан қочишга муваффақ бўлишди. Батафсил маълумотлар – «Фарғона» материалида.
Дискриминациями ёки хавфсизлик борасида ғамхўрлик?
Юзни беркитувчи кийимларни тақиқлаш «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларда кўрсатилган. Июнь ойининг ўрталарида Сенатнинг Конституциявий қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан мазкур ўзгартиришни киритиш таклифи киритилганида, ҳужжат парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинган эди.
Сенаторлар бу таклифнинг оқилона экани ва жиноятчиларни тезроқ аниқлашга ёрдам беришига рози бўлишди. Бироқ, улар ўзгартиришлар тўпламини қабул қилмай, уларни қайта кўриб чиқиш учун Мажилисга (қуйи палата) қайтаришди. Тузатишлар кийим-кечак билан боғлиқ бўлмаган масалаларга, масалан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини уй-жой билан таъминлашга тааллуқли эди. Улар зудлик билан кўриб чиқилди ва 25 июнь куни ҳужжат имзолаш учун президентга юборилди.
Тўқаев уни 30 июнь куни имзолаган. Қонунга кўра, энди жамоат жойларида алоҳида ҳолларда: хизмат вазифасини бажараётганда, тиббий сабабларга кўра, фуқаролик мудофааси мақсадларида, ноқулай об-ҳаво шароитларидан ҳимояланишда, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ спорт ва маданий тадбирларда иштирок этишда юзни тўлиқ яширадиган кийим кийишга рухсат берилади.
Ҳужжатда ниқоблар билан бир қаторда кийим-кечакнинг ўзига хос элементлари рўйхатга олинмаган бўлса-да, тақиқ юзни тўлиқ қоплайдиган ниқоб ва паранжини ўз ичига олади. Қозоғистон расмийлари уларни бир неча бор танқид қилган ва 2024 йил мартида Қосим-Жомарт Тўқаев ниқобларни радикал неофитлар томонидан қозоқ аёлларига татбиқ этилаётган архаик кийим тури деб атаган эди.
Бироқ, мамлакатда ниқоб кийишни тақиқлаш масаласи анча олдинроқ — 2016 йил июнида Ақтўбе шаҳрига қилинган ҳужумдан кейин бошланган эди. Ўшанда бир неча ўнлаб радикаллар қурол дўконлари ва ҳарбий қисмга ҳужум қилганди, 25 киши олаидан ўтганди, жумладан 18 ҳужумчи. Террорчилар «бузғунчи диний оқимлар» тарафдорлари экани расман маълум қилинди. Ҳужумдан сўнг ўша пайтдаги президент Нурсултон Назарбоев диний либослар, шунингдек, калта ёки осилган шим ва соқол қўйганларни очиқ танқид қилиб, Қозоғистон урф-одатларига тўғри келмайдиган бундай кийимларни «қонунчилик даражасида тақиқлаш масаласини кўриб чиқишга» чақирди.
Орадан икки йил ўтиб диний фаолият тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришлар парламентга юборилди ва у кўплаб шов-шувларга сабаб бўлганди. Бошқа нарсалар қаторида, улар атеистларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш учун жарималарни жорий қилишди, лекин энг муҳими, улар орасида одамлар юзини яширадиган кийимларни (хусусан, диний) кийишни тақиқлашни ўз ичига оладиган норма ҳам бор эди.
Қонун лойиҳаси қабул қилинмади — ҳукумат уни парламентдан қайтариб олди ва расмийлар кечинчалик бундай радикал чораларга қайтмадилар, гарчи вақти-вақти билан баланд минбарлардан кийим-кечакларга оид индивидуал мулоҳазалар қулоққа чалиниб турган бўлсада.
Бу мавзу ўтган йил баҳорида ижтимоий тармоқларда Атирау шаҳридаги ёпиқ конкида учиш майдончасида олинган сурат эълон қилинганидан сўнг яна кун тартибига чиқди. Унда ниқоб кийган тўрт нафар қиз «ўзгартирилган» Қозоғистон байроғини билан суратга тушганди. Анъанавий қуёш, бургут ва безаклардан ташқари, унда шамшир ва арабча ёзув — шаҳада бор эди.
Бу сурат ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Баъзи шарҳловчилар қизларни байроқни ҳақорат қилганликлари учун жавобгарликка тортишни таклиф қилишди, бошқалари уларда исломий таҳдидни кўришди, бошқалари эса фотосуратда эркаклар бўлиши мумкин дея тахмин қилишди — чунки уларнинг юзлари кўринмасди. Кўпчилик TikTokдан қилинган жонли эфирни эслади, унда асосан мамлакатнинг ғарбий вилоятларида истиқомат қилувчи ниқобдаги қизлар – араб кийимига доир «сўроқ» беришга уринган томошабинларни ҳақорат қилишди. Кўплаб шарҳловчилар расмийларни «муаммога эътибор қаратишга» ва «қозоқларга бегона кийимларни» тақиқлашга чақиришганди.
Диний кийим-кечак билан радикал қарашлар ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлиги, диний кийим кийишга бўлган чекловлар инсоннинг диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқини поймол қилишини, ва ниҳоят, ниқобнинг ислом алоқаси йўқлигини таъкидлайдиганлар ҳам бўлди. Аммо улар озчилик эди.
Бахс мунозараларга киришмаслик учун расмийлар хавфсизликни таъминлашга эътибор қаратиб, муфтийлик ёрдамига таянган ҳолда, тақиқнинг диний омиллардан келиб чиқишидан воз кечдилар. Унда айтилишича, қонунга киритилган ўзгартиришлар «диний эътиқод ёки шахсий имтиёзларни чеклашга қаратилган эмас». «Дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан, мусулмон давлатлар ҳам хавфсизлик мақсадида шунга ўхшаш чораларни кўрмоқда», — дея таъкидлади Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ва ниқоб кийишни тақиқлаш шариат қонунларига тўғри келишини айтди.
Диний уламолар Қуръон оятлари ва Муҳаммад с.а.в. ҳадисларига тўхталиб, аёллар учун баданни ёпишнинг ўзи етарли эканига ишора қилишди. Юз ва қўллар очиқ қолдирилиши мумкин.
«Ушбу анъана (юзни ёпиш. — «Фарғона» изоҳи) халқимиз урф-одатларида ҳам кенг тарқалмаган», — деб тушунтирди диний бошқарма ва янги қонун жамиятда тотувликни сақлашга ёрдам беришини қўшимча қилди.
Тақиқ билан боғлиқ алоҳида тушунтириш Қозоғистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти томонидан берилди. Институт сайтидаги мақолада айтилишича, ниқоб Арабистонда исломга қадар даврда ҳам кийилган. У бадавийларни ёрқин қуёш, қум ва чангдан ҳимоя қилган.
«Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети Фатво кенгаши бош котиби Холид Умрон Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам муслималарга бундай кийим буюрилмагани, уни кийиш мажбурий эмаслигини тушунтиради. Шариат бўйича ниқоб кийиш шарт, деганларнинг ўзлари адашади», — дея таъкидлайди мақола муаллифи.
Хорижий тажриба
Институт бошқа мамлакатлар тажрибасига ҳам тўхталиб, Францияда жамоат жойларида юзни беркитувчи кийим кийишни тақиқлаш 2010 йили кучга кирганини эслатиб ўтади.Бельгияда ҳам худди шундай тақиқ 2011 йили жорий этилган ва 2017 йили Европа суди томонидан тасдиқланган. Шунга ўхшаш қоидалар Нидерландия, Швейцария, Дания, Германия, Германия ва Австрияда ҳам амал қилади.
Марказий Осиё давлатларига келсак, Ўзбекистонда 2023 йил ноябрь ойидан жамоат жойларида юзни беркитувчи ва шахсини аниқлашга имкон бермайдиган кийим кийиш тақиқланган. Бундай қоидабузарликлар учун 10 дан 15 та базавий ҳисоблаш миқдорида (405 доллардан 810 долларгача) жарима назарда тутилган.
Шунга ўхшаш тақиқ Қирғизистонда ҳам амал қилади. Президент Садир Жапаров тегишли қонунни жорий йил январь ойида имзолаган эди. Қоидабузарлик 20 минг сом (тахминан 230 доллар) миқдорида жаримага сабаб бўлади. Апрель ойида Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси тақиқни қўллаб-қувватлаб, ниқобни «жамиятга ёт» кийим элементи деб атади.
«Бугунги кун воқелигида ниқоб кийган опа-сингилларимиз ниқоби остида аёллар кийимидаги бадкирдорлар жамоат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин. Шу боис одамларни таниб олиш учун очиқ чеҳра билан юриш муҳим», — дейди муфтият.
Апрель ойида Қирғизистоннинг учинчи йирик шаҳри бўлмиш Жалолободда одамларнинг тақиққа амал қилинишини кузатувчи рейдлар ўтказилиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўчада ниқоб кийган аёллар билан «тушунтириш суҳбатлари» ўтказган.
Тожикистонда бу борада энг қатъий қоидалар мавжуд – «миллий маданиятга тўғри келмайдиган» кийим-кечакларни олиб кириш, сотиш ёки кийиш тақиқланган. Бу ниқобга ҳам, ҳижобга ҳам тааллуқлидир, маҳаллий матбуотга кўра, расмийлар ҳижобни рўмол каби тақиб юришни талаб қилади.
Ушбу ҳолатларнинг барчасида қоидабузарлар жаримага тортилади. Қозоғистонда қандай жазо чоралари қўлланилиши ва қонунбузарлар қандай аниқланиши ҳозирча номаълум.
-
18 Июнь18.06Жанговор бўрининг ширин кулчасиМарказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида деярли ҳамма нарса яхши, бироқ ҳаммаси ҳам кундек ойдин эмас
-
11 Июнь11.06Газ ғавғосиҚозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди
-
27 Май27.05Кенесарихоннинг ҳаёти ва ўлимиСўнгги қозоқ хони инфомайдонни тарк этмаяпти
-
08 Май08.05Бу яқинда содир бўлгандиМарказий Осиё республикалари Иккинчи жаҳон урушидаги фожиали воқеаларни хотирлайди
-
08 Апрель08.04Диққат марказидаги Марказий ОсиёУйдан чиқмасдан туриб ҳам глобал ўйинчига айланиш мумкинлиги тўғрисида
-
19 Март19.03Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлигининг янги босқичиЕвропа комиссари Йозеф Сикеланинг Марказий Осиёга ташрифи натижалари