Қозоғистоннинг Манғистау вилояти прокуратураси нефть қазиб олувчи «Манғистаумунайгаз» компаниясини 32 миллиард тенге (60 миллион доллардан ортиқ) миқдорида жаримага тортди, деб хабар беради прокуратура матбуот хизмати.
Компанияга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 328-моддаси (Атроф-муҳитга йўл қўйилган техноген таъсир меъёрларини бузиш) бўйича иш қўзғатилган. Назорат қилувчи орган маълумотларига кўра, «Манғистаумунайгаз» акциядорлик жамияти оқава сувларни ер қаърига йўналтирган, шунингдек, тегишли лимитлар ўрнатмаган ҳолда бурғулаш чиқиндиларини тўпланган. Ушбу даъво бўйича суд қарори ўтган йил декабрь ойида қабул қилинган ва қонуний кучга кирган. Бунинг учун компания 31 миллиард тенге (58,7 миллион доллар) жаримага тортилган. Прокуратура, шунингдек, компанияни нефть иситиш печларидан атроф-муҳитга ифлослантирувчи моддаларни ҳаддан ташқари кўп миқдорда чиқаришда айблаган. Ушбу даъво натижасида «Манғистаумунайгаз» 1,2 миллиард тенге (2,2 миллион доллар) миқдорида жаримага тортилган.
«Манғистаумунайгаз» — Қозоғистоннинг йирик нефть ва газ компанияси бўлиб, 1963 йили ташкил этилган ва штаб-квартираси Ақтауда жойлашган. У Манғистау вилоятида нефть қазиб олишнинг 31% дан ортиғини ва Қозоғистонда 8% га яқинини таъминлайди. Саноатнинг асосий ўзлаштирилувчи конлари Каламкас ва Жетибай ҳисобланади. «Манғистаугаз» акциядорлик жамиятининг ягона акциядори Mangistau Investments B.V. (MIBV) бўлиб, унда «КазМунайГаз» миллий компанияси ва Хитойнинг CNPC компаниясига тенг улушга эга.
Бу сўнгги кунларда қозоғистонлик нефтчиларига нисбатан атроф-муҳитга етказилган зарар учун жарима солингани ҳақидаги иккинчи хабардир. Ўтган ҳафта охирида Остона туманлараро хўжалик суди Қозоғистон ҳукумати даъвосига кўра, Қашағон конини бошқараётган North Caspian Operating (NCOC) компаниясига 3,55 миллиард тенге (6,7 миллион доллар) тўлаш мажбуриятини юклагани маълум бўлганди.