Қирғизистонда Қамчибек Ташиевга таҳдидлар билан мактуб йўллаган шахс қўлга олинди

Қўлга олинган шахс фотосурати (кўзлари беркитилмаган). gknb.gov.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари ташкилот раҳбари Қамчибек Ташиевга таҳдидлар билан мактуб юборган шахсни қўлга олди, деб хабар беради қўмита матбуот хизмати.

Қўмита хабарига кўра, мамлакат президенти Садир Жапаров МХДҚ, ИИВ ва Бош прокуратура ходимларидан иборат идоралараро тергов-тезкор гуруҳини тузиш тўғрисида кўрсатма берган. Мазкур ҳолат юзасидан МХДҚ томонидан республика Жиноят кодексининг 36-122-моддаси («Ўлдиришга тайёргарлик кўриш») билан жиноят иши қўзғатилган.

Текширув давомида маълум бўлишича, мактуб муаллифи икки марта судланган Ж.А.С. У ҳарбий учувчи маълумотига эга ва Афғонистон чегарасида чекланган ҳарбий контингент таркибида хизмат қилган ва у ерда жанговар тажриба ва яширин фаолият кўникмаларини эгаллаган. Гумонланувчи 1994 йилдан бери Қирғизистон Қуролли кучларида ҳам хизмат қилган.

«Тергов натижасида «Ж.А.С.» узоқ вақт давомида юқорида қайд этилган ҳаракатга тайёргарлик кўриш ва ўзининг ўта оғир жиноят содир этишга алоқадорлигини яшириш билан боғлиқ тадбирларни режалаштирган», — дейилади МХДҚ матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, таҳдидлар битилган аноним мактуб «қўрқитиш мақсадида» тайёрланган, флеш-картага ёзиб олинган ва конвертга солинган. Конвертни етказиш учун Ж.A.С. доимий яшаш жойи бўлмаган Б.M.M.ни ёллаган. Бу шахс ўз навбатида озиқ-овқат кўринишидаги мукофот эвазига МХДҚ Жамоатчилик қабулхонасига аноним мактуб солинган конвертни етказиб берган.

Айни пайтда Ж.А.С. ҳибсга олинган, айблов эълон қилинган ва Бишкекнинг Первомайский туман суди томонидан тергов жараёни вақтида ҳибсга олинган. Текширув чоғида эркак хонадонидан компьютер топилган. Унинг ёрдамида гумонланувчи Ташиевга таҳдид солувчи мактуб ёзган. Шу ерда конвертни муҳрлашга ишлатилган мум намуналари топилган. Экспертиза тайинланган.

«Бундан ташқари, тергов доирасида бошқа гумонланувчилар ҳам аниқланмоқда, шунингдек, ҳибсга олинган шахснинг Қирғизистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришда манфаат кўзлаган хорижий давлатлар разведка хизматлари ва деструктив кучларига алоқадорлиги аниқланмоқда. Тергов манфаати доирасида буларнинг ошкор этилиши мумкин эмас», — дейилади хабарда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев жорий йил 20 ноябрь куни ўзига нисбатан таҳдидлар битилган мактубдан иборат флеш-диск солинган пакетни олганини хабар қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ