Қозоғистонлик журналист Александра Алёхова шахсий маълумотларни ноқонуний тарқатиш иши бўйича айбдор деб топилди. Бу ҳақда чиқарилган ҳукмни журналист Жанна Байтелова ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
3 август куни Олмаотадаги Олмали туман суди ёпиқ суд мажлисида Алёховани Жиноят кодексининг 147-моддаси («Шахсий маълумотларни ноқонуний тарқатиш орқали шахс ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказиш») бўйича айбдор деб топди.
Унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, аммо жазони ижро этиш 5 йилга — 2031 йилгача кечиктирилди. Шунингдек, суд ҳукмига кўра, Алёхова 3 йил давомида журналистлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилади.
Алёховага қарши жиноят иши 2022–2024 йилларда Олмаотадаги «Кенжехан» бозори ижарачилари ва мулкдорлари ўртасидаги можаро ҳақида эълон қилинган бир қатор материаллардан сўнг қўзғатилган. Уларда ижарачилар манфаатларини ҳимоя қилган фаоллардан бири муқаддам судлангани ва полиция ҳисобида тургани ҳақида маълумотлар келтирилган. Фаолнинг мурожаатидан сўнг тергов ушбу маълумотларни эълон қилишни шахсий маълумотларни ноқонуний тарқатиш деб баҳолади.
Журналист ҳимояси эса барча маълумотлар очиқ суд базаларидан олингани ва омма учун эркин очиқ бўлганини таъкидлаган.
2026 йил март ойида Алёхова тергов ҳаракатларини ўтказиш учун полицияга чақирилган, май ойида эса иш судга оширилган
Бундан аввал сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи халқаро «Әділ сөз» жамғармаси ушбу жиноят ишига муносабат билдириб, жавобгарликка тортиш танлаб амалга оширилганини маълум қилган эди. Ташкилот қайд этишича, хизмат маълумотларининг сизиб чиқишига йўл қўйган полиция ходими ҳам, ушбу маълумотларни биринчи бўлиб Telegram-каналда эълон қилган шахс ҳам жиноий жавобгарликка тортилмаган. Жамғарма фикрича, эълон қилинган вақтга келиб очиқ манбаларда мавжуд бўлган маълумотлардан фойдаланган журналист оғир жиноятда айбланган.
Александра Алёхова — Олмаоталик журналист ва тўрт нафар фарзанднинг онаси. У аввалроқ Қозоғистондаги бир нечта республика нашрларида фаолият юритган.
Бу Қозоғистонда кейинги вақтларда ОАВ вакилларига нисбатан чиқарилган биринчи айблов ҳукми эмас. Ўтган ҳафта Олмаотадаги Олмали туман суди «КазТАГ» ахборот агентлиги бош директори Асет Матаев ҳамда бош муҳаррир Амир Касеновга нисбатан ҳам ҳукм чиқарди. Суд уларга озодликни чеклаш жазосини тайинлади, шунингдек, маълум муддат журналистлик фаолияти билан шуғулланишни тақиқлади.



