Остона шаҳри суди фуқаролик фаоли Ермек Наримбайни қонуний кучга кирган суд ҳужжатини бажармаганликда (Қозоғистон Жиноят кодексининг 430-моддаси) айбдор деб топиб, уни 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Шунингдек, унга 3 йил 6 ой давомида жамоатчилик-сиёсий фаолият билан шуғулланиш тақиқланди, деб хабар беради «Азаттиқ радиоси».
Тергов талқинига кўра, Наримбай суд томонидан аввалроқ белгиланган жамоатчилик фаолиятига қўйилган тақиқни бузиб, Facebookда 2026 йил март ойида референдумга қўйилган Қозоғистоннинг янги Конституциясини танқид қилувчи постларни эълон қилган.
Суд музокаралари чоғида прокурор фаолга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш ва 5 йил муддатга жамоатчилик-сиёсий фаолият билан шуғулланишни тақиқлашни сўраган.
Сўнгги сўзида 56 ёшли Наримбай айбини тан олмаган. Унинг таъкидлашича, жиноят иши материалларида жабрланувчилар ҳам, етказилган зарар ҳам мавжуд эмас. Шунингдек, у ўзининг қўлга олиниши ва қамоқда сақланишини ноқонуний деб атаган.
Фаол февраль ойидан буён ҳибсда сақланмоқда. У Бишкекда қўлга олиниб, Остонага олиб келинган ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. Ҳимоя томонининг таъкидлашича, Наримбай амалда Қирғизистон махсус хизматлари томонидан қонунчиликда назарда тутилган тартибларга риоя қилинмасдан — депортация ёки экстрадиция тўғрисидаги суд қарори чиқарилмасдан — Қозоғистон ҳокимиятига топширилган. Адвокатлар сўзларига кўра, бу топшириш жиноят иши расман қўзғатилишидан олдин содир бўлган. Қозоғистон ва Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари бу баёнотларга изоҳ бермаган.
Фаолнинг акаси ва унинг жамоатчилик ҳимоячиси Арман Наримбай ушбу ҳукмни «муқобил фикр учун таъқиб» деб атайди. Адвокат Василий Садиков эса жиноят иши сиёсий сабаблар билан қўзғатилганини билдириб, таъқибни 23 августга белгиланган парламент сайловларига тайёргарлик билан боғлаган.
Ермек Наримбай «Шал, кет!» ва «Назарбаев, кет!» шиорларининг муаллифи сифатида танилган. Шунингдек, у Қозоғистон банклари мижозлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаол сифатида ҳам маълум. 2010 йилда у ўша пайтда президент лавозимида бўлган Нурсултон Назарбоевнинг муддатидан олдин истеъфога чиқишини талаб қилган референдум мавзусидаги йиғилишдан сўнг тўрт йилга озодликдан маҳрум этилган. 2016 йилда Наримбай «Кўча шамоли» китобидан парча эълон қилганидан сўнг адоват қўзғатишда айбланиб судланган. Суд уни уч йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилган, бироқ у Қозоғистонни тарк этиб, Украинага кўчиб ўтишга муваффақ бўлган. 2022 йил февраль ойида, январь воқеаларидан кейин, Наримбай ватанга қайтган ва пробация назорати талабларини бузганлик айби билан тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. У 2023 йил июль ойида озодликка чиққан.



