Ўзбекистон ва АҚШ муҳим хомашё соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди

Меморандумни имзолаш маросими. Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ва АҚШ муҳим хомашё соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ҳужжат мамлакатларга тоғ-кон саноати соҳасида шерикликни мустаҳкамлаш имконини беради, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги матбуот хизмати.

Аниқлик киритилишича, келишув 16 сентябрь куни Тошкентда вазирлик бошлиғи ўринбосари Омонулло Насритдинхўжаев ва АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник томонидан имзоланган.

Ўзбекистон вазирлиги минерал ресурслар бўйича мулоқот 2023 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда давлатларнинг юқори мансабдор шахслари иштирокидаги саммитда бошланганини таъкидлади. Бир кун аввал имзоланган меморандум эса оғзаки келишувларни илгари суриш бўйича дастлабки қадамлардан бири бўлди.

Битимдан мақсад иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдир. Бундан ташқари, бу Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги геология-қидирув, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар занжирини яратиш масалаларида ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Жонатан Хеник ушбу ҳужжатни Марказий Осиё республикаси билан стратегик ҳамкорликнинг бир қисми деб атади.

«АҚШ ва Ўзбекистон келажакда энергетика соҳасини шакллантирадиган мустаҳкам ва хавфсиз таъминот занжирларига эга бўлиш учун ҳамкорлик қилиши лозим. Ушбу меморандум глобал минерал таъминот занжирларини диверсификация қилиш ва икки томонлама савдо алоқаларимизни кенгайтириш бўйича умумий мажбуриятимизни намойиш этади», — дея қўшимча қилди дипломат.

Элчихона, шунингдек, муҳим ҳужжатни имзолаш маросими 24-26 сентябрь кунлари Лас-Вегасда (Невада) бўлиб ўтадиган тоғ-кон саноати соҳасидаги энг йирик тадбир –MINExpo International кўргазмаси арафасида бўлиб ўтганини таъкидлади. Ушбу форумда кўплаб давлатлар вакиллари, жумладан, Ўзбекистон ҳукумати делегацияси ҳам иштирок этади, дея таъкидлайди Америка дипломатик миссияси.

ℹ️ Муҳим минераллар «яшил» иқтисодиёт ва қайта тикланадиган энергияга ўтиш учун жуда зарур хомашё ҳисобланади. Жумладан, улар электромобиллар учун аккумуляторлар, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, смартфонлар ишлаб чиқаришда қўлланилади. Муҳим минералларга литий, кобальт, никель, графит, неодим, самарий ва бошқалар киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди