Оқўрдани босиб олишга уриниш иши бўйича беш нафар фаол қамоқ жазосига ҳукм қилинди

bureau.kz сайти фотосурати

Олмаота шаҳри Алмали тумани жиноят ишлари бўйича суди Қозоғистон президенти қароргоҳи — Оқўрдани эгаллашга уриниш ва оммавий тартибсизликлар тайёрлашда айбланган беш нафар фаолга нисбатан айблов ҳукмини чиқарди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжан Тўрегожина маълум қилди.

Қайсар Ўзбек ва Талғат Ашировнинг ҳар бири 5,5 йилдан озодликдан маҳрум қилинди. Асқар Нурмаган, Абдуали Тағай ва Дуйсенбек Жақашевнинг ҳар бири беш йилга қамалди.

Асқар Нурмаган, Абдуали Тағай ва Дуйсенбек Жақашев бир гуруҳ шахслар томонидан ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш ёки уни қўлда ушлаб туришни тарғиб қилиш, шунингдек, зўравонлик, вайронгарчилик ва ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатиш билан кечган оммавий тартибсизликларни тайёрлаш ва ташкил этишда айбланган.

Қайсар Ўзбек ва Талғат Ашировга эса ушбу айбловлардан ташқари, бир гуруҳ шахслар томонидан портловчи моддаларни қонунга хилоф равишда сотиб олиш, сақлаш ва ташиш айблови ҳам қўйилган.

Vласть.kz эслатишича, суд жараёни ёпиқ тарзда ўтказилган. Суд муҳокамаси бошида прокурор гувоҳлардан бирининг ўз хавфсизлигидан хавотирланаётганини сабаб қилиб, мажлисларни ёпиқ ўтказишни сўраган. Суд илтимосномани қаноатлантирган.

Адвокат Жанара Балғабаева ўшанда ушбу қарорни танқид қилган эди. «Ошкораликни исташмаяпти. Ҳаммани шов-шувсиз, тезда қамоққа жўнатишмоқчи», — дея изоҳ берган у.

Айблов хулосасига кўра, фаоллар 2025 йил январидан июнига қадар яширин учрашувлар ўтказиб, унда, тергов версиясига кўра, кейинги ҳаракатларни муҳокама қилишган. Шунингдек, улар WhatsAppда «Қайрат Команда» номли умумий чат ташкил этишган.

Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ иштирокчилари Остонада ҳокимиятини, президент қароргоҳи — Оқўрдани эгаллаш, шунингдек, аҳолини стихияли равишда кўчага чиқариш мақсадида оммавий тартибсизликлар ташкил этишга келишиб олган.

Иш фигурантлари айбловни тан олмаган. Абдуали Тағайнинг ҳимоячиси Ғалим Нурпеисов аввалроқ судланувчилар оддий ишчилар эканини, уларда оммавий тартибсизликларни ташкил этиш учун зарур бўлган на молия, на ташкилий тузилма бўлганини таъкидлаган эди. Шунга қарамай, ўтган ҳафта прокурор беш нафар фаолнинг ҳар бирига ўртача хавфсизлик даражасидаги муассасада жазони ўташ билан саккиз йилдан озодликдан маҳрум қилишни сўраган.

Қозоғистонда аввал ҳам давлат объектларига ҳужумлар ва оммавий тартибсизликларни ташкил этишга уринишлар билан боғлиқ жиноий ишлар кўриб чиқилган. 2024 йилда Олмаотаининг Науризбай тумани суди январь воқеалари вақтида президент қароргоҳи ва шаҳар ҳокимлигига ҳужум қилиш билан боғлиқ иш бўйича ҳукм чиқарган. Судланувчилар курсисида 11 нафар айбланувчи бўлган. Уларнинг ўн нафари амнистияни ҳисобга олган ҳолда 1 йил 9 ойдан озодликдан маҳрум қилинган. Яна бир судланувчи — Ақжўл Жандарбековга суд ўртача хавфсизлик даражасидаги муассасада 16 йиллик қамоқ жазосини тайинлаган, бироқ амнистия асосида жазо муддати 4 йилга қисқартирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ