Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари олти йилга озодликдан маҳрум этилди

anhor.uz сайти фотосурати

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Алишер Тўраевни олти йилга озодликдан маҳрум қилди. Собиқ амалдор бир миллион дона узум кўчати етказиб беришда талон-торожлик ва мансаб сохтакорлига йўл қўйганликда айбдор деб топилди, деб ёзади «Газета.uz» суд қарорига таяниб.

Иш материалларига кўра, 2021 йил сентябрь ойида вазирлик 9,95 миллиард сўмлик (750 минг доллардан ортиқ) миллион дона узум кўчати етказиб бериш бўйича тендер ўтказган. Тўраев танлов комиссияси таркибини «ўзига содиқ одамлар»дан тузган. Натижада шартнома вазир ўринбосарининг ўғли Бекхон асос солган ва директори амалдорнинг қизи Анаис бўлган De Nova Agro компаниясига топширилган. Бироқ, манфаатлар тўқнашувига қарамай, келишув вазирлик томонидан маъқулланган.

Шартномага кўра, корхона кўчатларни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Билим ва инновациялар миллий марказига топширилиши керак бўлган. Тергов аниқлаганишича, аслида ҳеч қандай етказиб бериш бўлмаган, бироқ томонлар бир нечта сохта электрон ҳисоб-фактураларни расмийлаштирган, улар асосида пуллар тадбиркорларга ўтказилган.

2023 йили Тўраев, унинг қизи ва Марказ ҳисобчиси Мансур Қўзибеков иссиқхоналардаги 283,4 минг туп кўчатнинг экиш вақтида илдизлари шикастлангани, электр таъминотининг мунтазам узилиши, суғориш тизимидаги носозликлар туфайли нобуд бўлгани ҳақидаги бир неча маълумотномаларни қалбакилаштиришган, бироқ ўсимликлар нобуд бўлиш тугул, аслида етказиб берилмаган.

Мутасаддилар кўчатларни парваришлаб, уларни қутқариб қолган ходимларнинг иш ҳақи учун бюджетдан қўшимча равишда 500 миллион сўмдан ортиқ (40 минг долларга яқин) маблағ ажратишган.

Судда Алишер Тўраев ўз айбини қисман тан олган. Биринчидан, собиқ вазир ўринбосарининг таъкидлашича, вазирлик адвокатлари, агар бошқа даъвогарлар бўлган тақдирда, унинг компанияси тендерда иштирок этиши мумкинлигини айтишган. Иккинчидан, унинг сўзларига кўра, кейинчалик қаттиқ совуқ ва иссиқхоналарга газ уланмагани сабабли нобуд бўлган 700 минг туп кўчат Марказга берилган. Судланувчи қолган 300 минг кўчатни олиб келишга тайёр эканини қўшимча қилган.

Анаис Тўраева ўз айбини тўлиқ тан олмаган, унга кўра бу лойиҳа билан отаси шуғулланган. Бундан ташқари, совуқдан кўчатларнинг нобуд бўлгани учун жавобгар эмаслигини айтган.

Бухгалтер Мансур Қўзибеков ҳам ўша пайтдаги вазир ўринбосарининг кўрсатмаси бўйича иш олиб борганини ва шартномадан ҳеч қандай фойда олмаганини таъкидлаган.

Аммо суд айьланувчиларнинг барчасига жазо тайинлади. Тўраев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) билан айбдор деб топилди. У икки йил муддатга давлат ташкилотида раҳбарлик, моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлди ва 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Қўзибеков Жиноят кодексининг ўша моддалари билан беш йилу олти ойга озодликдан маҳрум этилди.

Тўраева худди шу моддаларда кўзда тутилган жиноятлари учун беш йилу бир ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукм ижроси 2027 йилнинг 8 июлига —туғилган ўғли уч ёшга тўлгунига қадар кечиктирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди