ОАВ: Германия афғон мигрантларини Ўзбекистон орқали депортация қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда

gazeta.ru сайти фотосурати

Германия ҳукумати Ўзбекистон билан қонунни бузган афғон муҳожирларини ушбу Марказий Осиё республикаси орқали ўз ватанига депортация қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бундай схема Европа давлатига «Толибон»* билан тўғридан-тўғри мулоқот қилмасликка имкон беради, деб ёзади «Коммерсант» Германиянинг Der Spiegel журналига таяниб.

Нашрнинг ёзишича, Германия Ички ишлар вазири Нэнси Фезер Ўзбекистон томони билан муаммоларни муҳокама қилиш учун Тошкентга учиб келган. Европа давлати депортация қилинган афғонлар аввалига Ўзбекистонга олиб келиниши, шундан кейингина у ердан Кобулга олиб кетилиши вариантини таклиф қилади. Техник жиҳатдан операция KamAir хусусий авиакомпанияси томонидан амалга оширилади. Spiegel таъкидлашича, мазкур ташувчи Швецияга репатриация миссияларида ёрдам берадиган ишбилармонлар билан ўхшаш тажрибага эга. Бундан ташқари, KamAir Афғонистон ҳукумати билан ишончли алоқаларга эга.

Ўзбекистон ҳукумати, ўз навбатида, немислар олдига республика фуқароларини Германияга ишлаш учун жўнатиш имконини берувчи миграция шартномасини тузиш ва уларнинг ташкилий равишда кириб келишини тартибга солиш шартини қўйган. Журналистларнинг фикрича, ҳужжат тасдиқланиш учун якуний босқичда.

Расмий Берлин Мангеймда афғонистонлик эркакнинг исломга қарши митинг иштирокчиларига пичоқ билан ҳужум қилгани, натижада полициячининг ўлгани воқеасидан сўнг иммиграция сиёсатини кучайтирган. Ўшанда Германия канцлери Олаф Шольц кескин баёнот берганди.

«Мени бу ерда ҳимоя истаган одамнинг ўзи оғир жиноятларга қўл ургани ғазаблантиради. Бундай жиноятчилар Сурия ва Афғонистондан келган бўлса ҳам, депортация қилиниши керак», — дея таъкидлаган сиёсатчи.

Гарчи, немис оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, расмийлар ҳуқуқ-тартибот ходими ўлдирилишидан олдин ҳам чет элликларни учинчи давлатлар орқали чиқариб юбориш ҳақида ўйлай бошлаган. Шу билан бирга, Афғонистон Германияни мазкур схемадан воз кечиб, мигрантлар ва қочқинлар муаммоларини мунтазам консуллик мулоқоти орқали ҳал қилишга чақиради.

Spiegel нашрига кўра, айни пайтда Европа давлатида 13 мингга яқин афғон бор. Уларнинг кўпчилиги толиблар ҳокимият тепасига келганидан сўнг ватанини тарк этишган, агар улар юртига қайтишса, у ерда ўлим жазосига қадар хавфга дуч келиши мумкин.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ