Тўқаев аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтирувчи қонунларни имзолади

Қосим-Жомарт Тўқаев. Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонунларни имзолади. Жумладан, ўзгартиришларга кўра, калтаклаш жиноий иш ҳисобланади, вояга етмаганларни ўлдирганлик учун эса судлар муқобил жазони қўллаш имкониятисиз умрбод қамоқ жазосини тайинлайди. Янги қоидалар матбуотда эълон қилинган, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Аниқлик киритилишича, Президент 2022 йили аёллар ва болаларга нисбатан жиноят содир этган фуқароларни жазолаш бўйича янада қаттиқроқ чоралар кўриш бўйича топшириқлар берган. Ўтган йил сентябрь ойида у тегишли чоралар кўриш зарурлигига яна бир бор эътибор қаратган.

Тўқаев маъмурияти қонун лойиҳалари жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилингани, уларни қабул қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, Омбудсман институти ходимлари ва бошқа экспертларнинг фикрлари инобатга олинганини таъкидлайди.

Қуйидаги ўзгаришлар киритилган:

👉 соғликка қасддан енгил зарар етказиш ва калтаклаш учун жиноий жавобгарликка тортиш;

👉 соғликка қасддан ўртача оғир ва оғир шикаст етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш;

👉 оилавий масалалар, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича алоқа маркази фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш;

👉 ўз жонига қасд қилишга ундаганлик ва бунга ёрдам берганлик, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга тарғиб қилганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш;

👉 16 ёшга тўлмаган шахсларга сексуал характердаги тегажоқлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш;

👉 вояга етмаганларга нисбатан безорилик (буллинг ва кибербуллинг) учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш;

👉 16 ёшгача бўлган болаларни йўқ ҳақи йўқлиги сабаб жамоат транспортларидан мажбуран тушириб қолдириш.

Бундан ташқари, вояга етмаганларга нисбатан қотиллик, зўрлаш ёки жинсий тажовузда айбдор деб топилган шахслар енгилроқ жазо қўлланишидан маҳрум этилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 11 апрель куни Қозоғистон Сенати (парламент юқори палатаси) томонидан аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар маъқулланган эди. Шу билан бирга, ўзгартиш ва қўшимчалар 15 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат: еттита кодекс ва саккизта қонунни қамраб олишига ойдинлик киритилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ