«Крокус Сити Холл»даги теракт оқибатлари Туркманистон фуқароларига ҳам таъсир қилди

Полиция рейди. worldcrisis.ru сайти фотосурати

Москва вилоятининг Домодедово шаҳрида туркманистонлик 12 нафар мигрант қўлга олинган. Turkmen.News ўз манбаларига таяниб хабар беришича, уларнинг барчаси миграция хизматининг шаҳар бўлимида сақланмоқда ва 26 мартдан бери алоқага чиқмаган.

Туркманистон фуқаролари Белые Столбы мавзесидаги бозорлардан бирининг омборида ишлаб, ётоқхонада яшашаган. «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган терактдан кейин полиция у ерга ташриф буюрган. Муҳожирлар олиб кетилган: уларнинг барчаси Россияда ноқонуний бўлган – визалари муддати тугаган, баъзилариники икки ой, айримлариники бир йил аввал тугаган.

Айни дамда ҳибсга олинган икки шахснинг исмлари маълум: амаки ва жиян Ёлдаш ва Ботир Тўраевлар. Уларнинг яқинлари террор хуружидан кейинги олдиндан айтиб бўлмайдиган вазият туфайли маҳбуслар Россия хавфсизлик кучлари томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш қурбони бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Қонунга кўра, қоидабузарлар жаримага тортилади ва ватанига депортация қилинади. Улар ҳибсга олинганидан кейин дастлаб Туркманистондаги қариндошлари билан мессенжер орқали боғланиб туришган, кейинчалик алоқа узилган.

Ҳозирда, Туркманистоннинг ўзида, Москва вилоятидаги терактдан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари масжидга ташриф буюрган одамларни, шунингдек, соқолли эркаклар ва ҳижобли аёлларни аниқлаш бўйича рейдларни қайта бошлаган. ИИВ ходимлари одамларнинг радикал исломий оқимларга алоқадорлигини текширишмоқда.

Шу тариқа, Марям вилоятининг Шатлиқ қишлоғидаги масжидда уч нафар йигит қўлга олинган. Жиноят қидирув бўлими уларнинг телефонларини текширган, бироқ шубҳали ҳеч нарса топмаган. Бошқа соқолли эркакларни шунчаки кўчада тўхтатиб, телефонларини текширишган.

Вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларининг биридаги манбага кўра, яқин орада диндорлар «исломдан сабоқ бераётган» хусусий уйлар ва хонадонларни текшириш бошланади. Полициянинг айтишича, ёшлар у ерга боришади, маърузаларни тинглашади ва кейин «нималаргадир эргашиб кетишади». Бундан ташқари, республика миграция хизмати Туркманистон фуқароларининг Россия Федерациясига кетишини яна чеклай бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, «Крокус Сити Холле»даги терактдан сўнг Марказий Осиёдан келган муҳожирлар билан ҳамкорлик қилувчи россиялик тадбиркорлар бутун мамлакат бўйлаб миграция хизматлари томонидан катта текширувларга дуч кела бошлаган. Булар асосан чакана савдо ва қурилиш саноати компаниялари вакилларидир. Wildberries бозорининг омборлари қаттиқ текширилмоқда. Қонунни бузган ўнлаб муҳожирларнинг шахси аниқланмоқда. Орган ходимлари ҳарбий гувоҳномаларни ҳам текширишмоқда.

ℹ️ 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида «Пикник» рок гуруҳи концерти арафасида теракт содир бўлди. Камуфляжда бўлган ва қуролланган бир неча киши мажмуага кириб, одамларни ўққа тута бошлаган. Улар концерт залига кириб, у ерда ўт қўйишган, ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган. Шундан сўнг жиноятчилар келган машинада қочиб кетишган.

Сўнгги маълумотларга кўра, теракт қурбонлари сони 143 нафарга етган.

23 март куни эрталаб теракт уюштирганлар — жами 11 киши ҳибсга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Биринчилардан бўлиб Тожикистон фуқаролари Далержон Мирзоев, Саидакрами Рачабализода, Шамсидин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзов ҳибсга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ