Қозоғистоннинг собиқ Ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаевга нисбатан жиноий иш очилди

Ерлан Турғумбаев. Inbusiness.kz сайти фотосурати

Ваколатли органлар Қозоғистоннинг собиқ Ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаевга нисбатан ишни тергов қилмоқда. Бу ҳақда ИИВнинг амалдаги раҳбари Ержан Саденов журналистлар саволларига жавоб берар экан, маълум қилди, деб ёзади Kursiv.kz.

Тергов бошқа маҳкама томонидан олиб борилаётгани боис у қайси модда бўйича тергов олиб борилаётганини айтишдан бош тортди. «ИИВ тергов қилмаяпти, шунинг учун қандай иш, қайси модда бўйича экани ҳақида изоҳ бера олмайман. Ваколатли идоралар иш очган, шунинг учун саволларни уларга бериш керак», — деди вазир.

Вазир, шунингдек, бу иш январь воқеаларига алоқадорми, деган саволга ҳам жавоб бермаган.

Турғумбаевга нисбатан тергов бошлангани ҳақида ҳафта бошида ORDA.kz нашри хабар бериб, у Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 361-моддаси 1-қисми («Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш») бўйича олиб борилаётганини таъкидлаган. Собиқ вазир «Қонли январь» воқеалари билан боғлиқ терговнинг «иккинчи тўлқини»да иштирок этган, деб ёзади нашр. Унинг манбаси, шунингдек, Бош прокуратура барча вилоятлар ва шаҳарлар прокуратураларига 2022 йил январь ҳолатига кўра вилоят, шаҳар ва туманлар ички ишлар органлари раҳбарларини сўроқ қилиш тўғрисида буйруқ юборганини айтди.

Ерлан Турғумбаев 2019 йил февралида Ички ишлар вазирлиги раҳбари этиб тайинланган ва 2022 йил январь воқеаларидан кейин лавозимидан озод этилган. Шундан сўнг у яна олти ой президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Вақти-вақти билан Интернетда унга қарши иш очилиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди, аммо улар ҳеч қандай тасдиқ ололмади. Айни пайтда, «Январь иши» бўйича айбланувчилардан бири, Миллий хавфсизлик қўмитасининг 5-департаменти собиқ бошлиғи Руслан Искаковнинг айтишича, айнан Турғумбаев Олмаотага ҳужум қилган 20 минг жангари ҳақида президентга нотўғри маълумот берган.

Норозиликлар авжига чиққан пайтда президент Қосим-Жомарт Тўқаев аввалига халққа, сўнгра Twitterда 20 минг террорчи Олмаотага ҳужум қилгани ва уларни йўқ қилиш зарурлигини эълон қилганди. Кейинчалик бу твит ижтимоий тармоқдан йўқолиб қолди. Тартибсизликлардан сўнг деярли олти ой ўтиб, Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум чоғида президентдан шаҳардаги ҳужумчиларнинг ҳақиқий сони ҳақида сўралган. У 20 минг деган рақам ҳуқуқ-тартибот идораларининг собиқ раҳбарияти томонидан берилганини, гап бутун мамлакат ҳақида кетаётганини айтган.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ