Туркманистон Ироққа йилига 9 миллиард куб метр табиий газ етказиб беради

business.com.tm сайти фотосурати

Туркманистон беш йил давомида Ироққа ҳар йили тўққиз миллиард куб метр табиий газ етказиб беради. 8 ноябрь куни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда икки давлат расмийлари тегишли келишувга эришди, деб хабар беради «Туркманистон — олтин аср» нашри.

Türkmengaz концерни вакиллари ва Ироқ электр энергетика вазири Зиёд Али Фадел туркман газини Яқин Шарқ республикасига сотиш ва реализация қилиш бўйича келишувнинг асосий тижорат шартлари тўғрисидаги протоколни имзолаган. Ҳужжатда қайд этилишича, ресурслар SWAP схемаси бўйича Эрон ҳудуди орқали етказиб берилади. Бундан ташқари, томонлар энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва молиявий жиҳатларини муҳокама қилганлар.

«Шундай қилиб, улкан углеводород ресурсларига эга Туркманистон жаҳон бозорларига энергия етказиб беришни янада диверсификация қилиш сиёсатини қатъий ва изчил олиб бормоқда», — дейилади давлат матбуотида.

Нашрнинг эслатишича, Ашхобод энергетика соҳасида кўплаб лойиҳалар ташаббуси билан чиқмоқда ва уларни бошқа мамлакатлардаги ҳамкорлари билан биргаликда амалга оширади. Масалан, газ Туркманистондан тўғридан-тўғри Хитой, Эрон, шунингдек, Афғонистондан қувур орқали Покистон ва Ҳиндистонга жўнатилади. Юқори кучланишли электр узатиш линиялари ресурсларни қўшни Эронга ва Афғонистон йўналишига экспорт қилиш имконини беради.

Туркманистон табиий газ бозорини фаол равишда кенгайтирмоқда. Шу тариқа, жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон қўшни республикадан йилига икки миллиард куб метргача «зангори олов» импорт қилиши ҳақида хабар берилган эди. Шу билан бирга, Ўзбекистон расмийларига кўра, бу шартнома ҳамкорликнинг бошланиши холос. Тошкент келажакда Ашхобод билан мамлакатга газ етказиб бериш ҳажмини оширишни назарда тутувчи узоқ муддатли шартномалар тузишни режалаштирмоқда.