CAFA чемпионатида ўйнаш учун Туркманистон терма жамоасига «Аркадаг»нинг 17 нафар футболчиси жалб этилди

Туркманистон терма жамоаси футболчилари. turkmenportal.com сайти фотосурати

Туркманистон футбол федерацияси расмий сайтида футбол бўйича Марказий Осиё чемпионатида (CAFA) иштирок этадиган миллий терма жамоа таркиби эълон қилинди. Жамоа аризасидаги 25 нафар футболчидан 17 нафари шу номдаги шаҳарнинг янги «Аркадаг» клуби ўйинчилари бўлди.

Жамоа бош мураббийи Мерген Оразов томонидан тузилган миллий терма жамоа таркиби қуйидагича:

Дарвозабонлар: Расул Чарев («Аркадаг»), Ботир Бабаев («Олтин Асир»), Довлетяр Бердиев («Копетдаг»);

Ҳимоячилар: Ихлас Тойжанов, Гуйчмурод Аннакулиев, Абди Бяшимов, Ибраим Маммадов, Мекан Сапаров (барчаси «Аркадаг»дан), Ата Гелдиев («Ахал»), Теймур Чарев («Абдиш Ата», Қирғизистон);

Ярим ҳимоячилар: Арзувқули Сапаркулиев, Иля Тамуркин, Ресул Ходжаев, Велмурат Баллаков, Ихлас Сапармамедов, Шаназар Тиркишов, Бегмурод Баёв (барчаси «Аркадаг»дан), Аҳмед Атаев («Алтин Асир»), Мирза Бекназаров («Нарва-Транс», Эстония);

Ҳужумчилар: Дидар Дурдиев, Арсланмурод Аманов, Олтимурод Аннадурдиев, Бегенч Акмамедов (барчаси «Аркадаг»дан), Мурод Аннаев («Алтин Асир»), Меилис Диниев («Ахал»).

Туркманистон терма жамоаси етакчиси, Гонконг «Китчи»сидан Руслан Мингазов аризага киритилмаган, чунки футболчи «кўп иш қилган»и боис Оразов унга дам берган.

Туркманистон терма жамоаси 2-9 июнь кунлари Москва вилояти (Россия) Егорьевск шаҳрида йиғин ўтказади. Туркманистон терма жамоаси CAFA чемпионати турниридаги илк учрашувини 11 июнь куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида Душанбенинг 11 нафар «Истиқлол» футболчисидан иборат Тожикистон терма жамоасига қарши ўтказади.

9—21 июнь кунлари Тошкент ва Бишкек шаҳарларида биринчи CAFA чемпионати бўлиб ўтади. Турнирда Туркманистондан ташқари Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Афғонистон, Эрон ва Уммон терма жамоалари иштирок этади.

Турнир регламентига кўра, жамоалар икки гуруҳга бўлинган. А гуруҳида Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Уммон терма жамоалари, В гуруҳида Қирғизистон, Афғонистон ва Эрон терма жамоалари тўп суради. Гуруҳ ғолиблари финалда тўқнаш келишади. Ўз гуруҳларида иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар чемпионатда учинчи ўрин учун кураш олиб боради.

«Аркадаг» ФК шу йилнинг баҳорида ташкил этилган ва дарҳол Туркманистон чемпионати Олий лигасига киритилган. Клуб таркиби Туркманистон клубларининг энг сара футболчиларидан иборат. Чемпионатдаги саккиз турдан кейин жамоа 100 фоизлик натижа билан пешқадамлик қилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ