Туркманистон парламенти яна бир палатали парламентга қайтди, Аркадаг миллий лидер деб эълон қилинди

Гурбангулы Бердимуҳамедов . business.com.tm сайти фотосурати

Туркманистон парламенти икки палаталидан бир палаталига қайта ташкил этилди. Бу ҳақда Миллий Генгеш (парламент) ва мамлакат жамоатчилиги вакилларининг 21 январь куни бўлиб ўтган қўшма йиғилишида маълум қилинди.

Шу кунга қадар Миллий Генгеш Межлис (қуйи палата) ва Халқ Маслаҳати (юқори палата)га бўлинган эди. Энди халқ маслахати ажралиб чиқди ва халқ ҳокимиятининг олий вакиллик органи сифатида тан олинди. Туркманистоннинг собиқ президенти, амалдаги давлат раҳбарининг отаси Гурбангули Бердимуҳамедов унинг раислигига қайта сайланди.

Йиғилишда, шунингдек, «Туркман халқининг миллий етакчиси тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси тақдим этилди, унга кўра катта Бердимуҳамедовни тан олиш таклиф қилинган. Ҳужжат дарҳол президент Сердар Бердимуҳамедов томонидан имзоланди.

Қонун Гурбангули Бердимуҳамедовга, унинг оила аъзоларига, шунингдек, уларнинг мол-мулкига дахлсизлик ҳуқуқини беради. Миллат етакчисининг оиласи давлат муҳофазасида бўлиб, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан уй-жой, ижтимоий, транспорт, тиббий ва бошқа хизматлар билан таминланади. Миллат етакчисининг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ва таҳқирлаш Туркманистон қонунчилигига мувофиқ жазоланади.

Шу тариқа, Гурбангули Бердимуҳамедов энди нафақат Туркманистон Қаҳрамони, Туркманистоннинг фахрий оқсоқоли, халқнинг Аркадағи (ҳимоячиси), балки Миллий етакчи сифатида ҳам тақдим этилади.

Гурбангули Бердимуҳамедов 11 январь куни бир палатали парламентни қайтариш таклифи билан чиқди. Туркманистонда парламент сайловлари 2023 йил 26 мартга белгиланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ