Глобал ва минтақавий беқарорлик даврида туркий давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш зарур, шунинг учун Қозоғистон хавфсизлиги, барқарорлиги, ҳудудий яхлитлигини таъминлаш ва иқтисодий фаровонлигини ошириш алоҳида аҳамиятга эга. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ушбу республикага давлат ташрифи чоғида айтиб ўтди ва Қозоғистонни «Туркиянинг қардош мамлакати ва стратегик ҳамкори» деб атади, дея ёзади Акорда сайти.
«Туркияга давлат ташрифингиз чоғида имзоланган қўшма баёнот ва турли соҳалардаги ҳамкорликка оид 14 та ҳужжат муносабатларимизга янги суръат бағишлайди. Бугун мазкур келишувларга бир қатор янги ҳужжатлар қўшилади. Менга ва менинг делегациямга қозоқ заминида кўрсатилган меҳмондўстлик учун яна бир бор миннатдорчилик билдирмоқчиман», — деди Эрдўған Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга мурожаат қилар экан.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 4-йиғилишини ўтказдилар. Учрашувда Тўқаев Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини қайд этди.
«Сўнгги 15 йилда Анқара Қозоғистонга 4,35 миллиард доллар сармоя киритди, мамлакатимиз эса Туркияга 1,13 миллиард доллар сармоя киритди. Туркия Қозоғистондаги энг йирик сармоядорлар ўнлигидан жой олган. Умуман олганда, ўзаро савдо салоҳиятини оширишда транзит ва транспорт алоқалари муҳим ўрин тутади. Биз транспорт харажатлари ва етказиб бериш муддатларини қисқартириш учун Транскаспий йўлагини ривожлантиришга чақирамиз. Бугунги йиғилишда ушбу масалани муҳокама қилиб, бир фикрга келдик», — деди Тўқаев.
Давлат раҳбари, шунингдек, уч томонлама форматдаги навбатдаги учрашув Оқтау шаҳрида бўлиб ўтишини маълум қилди.
Туркия президенти, ўз навбатида, Туркиянинг Қозоғистон иқтисодиётини диверсификация қилишдаги фаол иштирокини қайд этди.
«Ишончим комилки, корхоналаримиз ҳам аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ташаббусларни амалга оширишга ҳисса қўшади. Товар айирбошлаш ҳажмини қисқа муддатда 5 миллиард долларга, ўрта муддатда эса 10 миллиард долларга етказишга келишиб олдик. Ҳозирча ҳаммаси режа бўйича кетмоқда. Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлигимиз қисқа муддатда ўрта муддатли мақсадларимизга эришиш имконини беради», — деди Эрдўғон.
У, шунингдек, «Каспий денгизининг аҳамияти ортиб бораётганини» таъкидлаб, Ақтаудаги учрашув бу ишни илгари суриш имконини беришига ишонч билдирди.